Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Қисқа вақт ичида сайловга юксак даражада тайёргарлик кўрилгани таҳсинга лойиқ

2016-12-03 | Сайлов

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини кузатиш учун мамлакатимизга келган хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар вакиллари сайлов округлари ва участкаларида бўлиб, сайловга тайёргарлик ишлари билан яқиндан танишмоқда. ЎзА мухбири уларнинг бу ҳақдаги таассуротлари ва фикрларини ёзиб олди.

Ким Ёнг Хи, Бутунжаҳон сайлов органлари ассоциацияси бош котиби, Жанубий Корея Миллий сайлов комиссияси раиси: 

– Марказий сайлов комиссияси, 14-Тошкент шаҳар сайлов округи, бир неча сайлов участкаларида бўлдик. Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик жараёнини юқори баҳолаймиз. 

Айни кунларда бутун дунё эътибори Ўзбекистонга қаратилган. Сайловолди ташвиқотлари, муддатидан олдин овоз бериш жараёнларини оммавий ахборот воситалари орқали мунтазам кузатиб бордик. Қисқа вақт ичида сайловга шу даражада тайёргарлик кўрилгани, турли давлатлар ва халқаро ташкилотлардан кўпсонли халқаро кузатувчилар таклиф этилгани таҳсинга лойиқ. 

Али Абулҳассани Шаҳреза, Ислом ҳамкорлик ташкилотининг сиёсий масалалар бўйича департаменти директори: 

– Президент сайловига оид қонунчиликка киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар билан танишиб, Ўзбекистоннинг қонунчилик соҳасида катта ютуқларга эришаётганига амин бўлдик. Президентликка кўрсатилган номзодни қўллаб-қувватловчи имзо варақалари Ўзбекистон Республикаси жами сайловчилари умумий сонининг беш фоизидан бир фоизига қисқартирилгани, Марказий сайлов комиссияси томонидан фуқаролар сиёсий маданиятини оширишга эътибор қаратилаётгани, ногиронлар ва кўзи ожизлар учун яратилган имкониятларни алоҳида таъкидламоқчиман. 

Гао Юйшэн, Хитой Халқ Республикаси ташқи ишлар вазирлиги махсус элчиси: 

– Биз Тошкент шаҳридаги иккита сайлов участкасида бўлиб, у ердаги шарт-шароитлар билан танишдик. Сайлов участкаларининг жиҳозланиши, овоз бериш учун яратилган қулайликлар бизда катта таассурот қолдирди. Президент сайловига халқаро стандартлар даражасида тайёргарлик кўрилгани унинг муваффақиятли ўтишига хизмат қилади. 

Владимир Месамед, Қуддус университетининг Осиё ва Африка мамлакатлари институти профессори (Исроил): 

– Мамлакатингизда ўтаётган Президент сайловининг аввалгилардан фарқи сайловчилар ва номзодларга яратилган кенг имкониятларда кўринмоқда. Намангандаги бир неча сайлов участкаларида бўлдик. Тиббиёт, она ва бола хоналари ташкил этилгани, кўзи ожизларга брайль шрифтли бюллетенлар тарқатилгани эътиборимизни тортди. 
Сайловолди ташвиқоти ҳам жуда юқори савияда ўтказилган. Ўзбекистон халқи сайловда порлоқ келажаги, истиқболи учун муносиб етакчини танлайди. Бу муҳим тарихий воқеанинг муваффақиятли ўтишини тилаймиз. 

Хиронобу Куросаки, «НЭК» корпорацияси бўлим бошлиғи (Япония): 

– Ўзбекистон Президенти сайловини кузатиш учун турли давлатлардан 500 дан ортиқ халқаро кузатувчилар келганини эшитиб ҳайратга тушдик. Бу сайловнинг нуфузи ва очиқ-ошкора ўтаётганига далилдир. Бундай муҳим сиёсий тадбирда кузатувчи сифатида иштирок этаётганимиздан мамнунмиз. Ўзбекистон сайлов қонунчилигида акс этган 18 ёшга тўлган фуқароларнинг сайловда иштирок этиши, сайловчилар ҳуқуқлари, қонунни бузганлик ҳолатида жавобгарликка тортилиш шартлари каби бандлари билан танишдим. Ўйлайманки, мазкур такомиллаштирилган нормалар сайловнинг адолатли ўтишини таъминлайди. 

Фахри Ҳамза, Индонезия Республикаси парламенти Халқ вакиллари палатасининг спикери: 

– Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга улкан ҳисса қўшган. Бугунги кунда ўзаро сиёсий, иқтисодий, маданий-гуманитар алоқалар ривожланиб бораётганидан мамнунмиз. Бу ҳамкорлик давом этишидан умидвормиз. 

Сайлов жараёнлари холис ва ҳаққоний ўтаётганини барча халқаро кузатувчилар таъкидлашмоқда. Номзодларнинг ҳаммасига тенг, адолатли шароит таъминланган. 

Райнер Риенмюллер, тиббиёт фанлари доктори, профессор (Австрия): 

– Йигирма беш йилда Ўзбекистонда кўплаб соҳалар сингари тиббиёт тизими ҳам анча ривожланди. Бунга нафақат шаҳарларда, балки қишлоқларда ҳам аҳолига яратилган тиббий хизматлар мисолида кўп шоҳид бўлганман. 

Европанинг кўпгина давлатларида аҳолининг 40-50 фоизи сайлов жараёнларида иштирок этади. Ўзбекистонда бу кўрсаткич 90 фоиздан кам бўлмаслигига ишонаман. Халқингизнинг бирдамлиги, сиёсий фаоллиги эътиборга моликдир. 

Магди Муҳаммад Морси, Миср-Ўзбекистон дўстлик жамияти раиси: 

– Сайлов – нафақат бугун, балки келажак учун ҳам муҳим сиёсий жараён. Ўзбекистон ёшлари, биринчи марта сайловда иштирок этаётганларнинг ўз келажаги учун масъулиятни чуқур ҳис этаётганидан қувондик. Кўплаб давлатларда ҳануз ечимини кутаётган аёлларнинг сиёсий жараёнлардаги иштироки масаласи Ўзбекистонда давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Оммавий ахборот воситаларида мунтазам ёритиб борилаётган сайлов жараёнлари аҳолининг биринчи манбадан тўла ва холис ахборот олишини таъминламоқда. Буларнинг барчаси Ўзбекистон Президенти сайловининг юксак савияда ўтишига хизмат қилади. 

Манба: ЎзА

Поделиться