Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон ўзи танлаган йўлдан собит бормоқда
2016-12-03 | Сайлов
Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини кузатиш учун юртимизга келган халқаро кузатувчилар Бухорода бўлиб, сайлов участкалари фаолияти билан танишмоқда.
Дитер Бранденбургер, Германия – Ўзбекистон дўстлик жамияти вице-президенти:
– Асли касбим қурувчи бўлганидан Тошкент шаҳри ва Қашқадарё вилоятидаги йирик қурилиш объектларида хорижий ташкилот вакили сифатида иштирок этганман. Халқаро кузатувчи мақомида юртингизга иккинчи бор келишим. Ўзбекистоннинг халқаро ҳуқуқ нормаларига тўла мос келадиган миллий сайлов қонунчилиги шаклланган. Унинг Германия сайлов тизими билан умумий ўхшаш жиҳатлари кўп. Масалан, сайловчи сиёсий партиялар дастури билан танишган ҳолда, ўзи танлаган номзод учун эмин-эркин овоз беради. Ўзбекистон сайлов қонунчилигидаги овоз бериш жараёнида сиёсий партиялар кузатувчилари иштирок этиши жуда маъқул иш. Бу ҳам ошкоралик ва адолат тамойилларига мос. Овоз бериш тугагандан сўнг бюллетенларнинг кузатувчилар иштирокида қўлда санаб чиқилиши ҳам эътиборли тажриба. Бу ўринсиз эътирозлар келиб чиқишининг олдини олади.
Ўзбекистон ҳар томонлама барқарор ривожланаётган мамлакат. Тошкент шаҳри мустақиллик йилларида дунёнинг йирик замонавий мегаполисларидан бирига айланди. Миллий меъморчилик анъаналари мужассам замонавий бино ва иншоотлар кишини ҳайратга солади. Бундай бунёдкорлик ишлари кўламини мамлакатнинг барча ҳудудларида кузатиш мумкин.
Ўзбекистонда ўта замонавий транспорт инфратузилмаси шаклланганини ҳам айтишим керак. Бу йил Тошкент – Бухоро йўналишида “Афросиёб” тезюрар поезди қатнови йўлга қўйилганидан, Фарғона водийси вилоятларида ҳам ана шундай замонавий қулайлик яратилганидан хабардорман. Биласизми, Европанинг айрим ривожланган мамлакатларида ҳам бунга ҳавас билан қарашади, десам муболаға бўлмайди.
Қадимий ва бой тарихга эга халқ Биринчи Президент Ислом Каримов ишини муносиб давом эттирадиган Президентни сайлашига қатъий ишонаман.
Манба: ЎзА