Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Сайлов юқори савияда ўтади

2016-12-03 | Сайлов

Йоэль Развозов, Исроил парламенти (Кнессет) депутати: 

– Ўзбекистон халқи, айниқса, ёшларига ҳар қанча ҳавас қилса арзийди. Дунёнинг энг нуфузли олимпиада ҳамда паралимпиада ўйинларида спортчиларингиз қўлга киритган медаллар ҳам бу соҳага бўлган катта эътиборнинг натижасидир. Бу ерга келиб таассуротларим янада бойиди. 

Барча бирдек сайловга катта қизиқиш ва иштиёқ билан қараётганига гувоҳ бўлдим. Сайлов участкаларида сайловчиларга барча шарт-шароит, ёш болали аёллар, ногиронларга қулайликлар яратилган. Сайловда биринчи марта иштирок этадиган ёшларга алоҳида эътибор берилмоқда. 

Хайнц Висслинг, Ўзбекистон – Швейцария савдо-саноат палатаси вице-президенти: 

– Ўзбекистон ўзининг тарихи, маданияти билан дунёга машҳур. Эндиликда ишлаб чиқараётган маҳсулотлари билан жаҳон бозорига кириб бормоқда. Мамлакатда тадбиркорлик, кичик бизнеснинг ривожи иқтисодий барқарорликка, бу ўз навбатида, ижтимоий-сиёсий ривожланишга йўл очаётир. Сайлов жараёнини кузатиб, аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданияти юксалганига, Ўзбекистон келажагига ишонишига амин бўлдим. 

Сейдахмед Қуттиқадам, «Мысль» ижтимоий-сиёсий журнали бош муҳаррири (Қозоғистон): 

– Ўзбекистон дунёга цивилизациянинг бешиги сифатида маълум. Халқларимиз азалдан яқин қўшни сифатида аҳил-иноқ яшаб келган. Ўзбекистон бугун улкан тарихий воқелик олдида турибди. Сайловнинг юқори савияда, демократик асосда ўтиши пировардида нафақат мамлакатингиз, балки минтақамиз барқарорлиги таъминланиши, хавфсизлиги сақланишида муҳим аҳамият касб этади. 

Бу йўналишда катта тажриба тўплаган давлатингиз сайловни ёруғ юз билан ўтказишига ишонаман. Сайлов натижаси минтақамизда ўзаро дўстлик-биродарлик, савдо-иқтисодий муносабатлар янада самарали бўлиши, мустаҳкамланишига хизмат қилишидан манфаатдормиз. 

Жозе Клаудио Маркес, ҳуқуқшунос (Бразилия): 

– Ўзбекистон мустақилликка эришиши билан ўз олдига демократик ҳуқуқий давлат қуришни мақсад қилиб қўйди. Ўтган вақтда бу йўналишда улкан ютуқларга эришди. Мамлакатингизда фуқароларнинг барча, хусусан, сайлов ҳуқуқлари кафолатлари яратилган. Бу борадаги Ўзбекистон тажрибасини бошқа давлатларга ўрнак қилиб кўрсатса арзийди. 

Ўзбекистон сайлов тизимининг мустақиллиги, хусусан, Марказий сайлов комиссиясининг давлат органларидан мустақил равишда фаолият олиб бориши ижобий ҳолат. Бу сайловни энг юқори демократик талаблар асосида ташкил этиш ва ўтказишнинг муҳим омили бўлиб хизмат қилади. 

Фумихико Като, «Petroleum commercial» миллий ассоциацияси президенти маслаҳатчиси (Япония): 

– Мен яқиндагина Ўзбекистондаги элчилик фаолиятимни якунлаб, Японияга қайтган эдим. Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида кузатувчи сифатида яна ушбу қадрдон диёрга келганимдан мамнунман. 

Биринчи Президентингиз Ислом Каримов ташаббуси билан Ўзбекистон ва Япония ўртасида дўстона алоқалар мустаҳкамланди. Мамлакатларимиз ўртасида турли соҳаларда, айниқса, маданий, иқтисодий, сайёҳлик алоқалари янги босқичга кўтарилди. 

Президент сайлови Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов асос солган ҳуқуқий демократик давлат, фуқаролик жамияти барпо этиш йўлидаги ислоҳотларни изчил давом эттириш, халқаро алоқаларни кенгайтириш, Ўзбекистоннинг тараққиётини янада юксалтиришда муҳим ўрин тутади, деган умиддамиз. 

Ўзбекистон мустақиллик йилларида сайловларни миллий ва халқаро андозаларга мос тарзда ташкил этиш бўйича катта тажриба орттирди. Сайловларни кўппартиявийлик асосида, очиқлик, ошкоралик, демократия руҳида ўтказишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Сайлов тадбирларининг давлат томонидан молиялаштирилиши бу жараёнда қонунбузилишларининг олдини олиш, ҳар бир сайловчининг ўз ҳуқуқидан тўлиқ фойдаланишини таъминлаш, адолат устуворлигига эришишга хизмат қилади. 

Манба: ЎзА

Поделиться