Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Бу муқаддас Ватанда азиздир инсон
2016-12-02 | Жамият
Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари музейида Бош қомусимиз қабул қилинганининг 24 йиллигига бағишлаб "Бу муқаддас Ватанда азиздир инсон" мавзуида маданий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазирининг ўринбосари М.Солиев, Бастакорлар уюшмаси раиси Р.Абдуллаев ва бошқалар Бош қомусимиз халқимизнинг инсон ҳуқуқларига ва давлат суверенитети ғояларига содиқлигини ифода этиб, миллий давлатчилигимиз ривожи, демократия ва ижтимоий адолат ҳамда халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган қоидаларига асосланган инсонпарвар демократик ҳуқуқий давлат барпо этишнинг мустаҳкам йўлини белгилаб берганини таъкидлади.
Ўзбекистон Республикасини мудофаа қилиш, унинг хавфсизлигини таъминлаш Конституция, қонунлар, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормалари ва принциплари асосида амалга оширилмоқда.
Биринчи Президентимиз раҳнамолигида Қуролли Кучларимизда амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар юртимизда ҳукм сураётган тинчлик-осойишталик, миллатлараро дўстлик ва ҳамжиҳатликни сақлаш, халқимиз фаровонлигини таъминлашда муҳим омил бўлаётир.
Тадбирда Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси томонидан хизмат бурчини бажариш вақтида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар хотирланиб, уларнинг оила аъзоларига моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилди.
– Турмуш ўртоғим катта лейтенант Чори Ражабов хизмат чоғида ҳалок бўлган, – дейди Замира Ҳасанова. – Ўз ҳаётини эл-юрт ҳимоясига бағишлаган жасур ўғлонларга чуқур ҳурмат кўрсатилиб, халқимиз тинчлиги ва осойишталигини, мамлакатимиз хавфсизлигини таъминлашдаги фидокорона хизматлари қадрланиб келинмоқда. Доимо давлатимиз ғамхўрлигини ҳис қилиб яшамоқдамиз.
Қуролли Кучлар марказий ашула ва рақс ансамблининг концерти тадбир иштирокчиларига манзур бўлди.
Манба: ЎзА