Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ишончли вакил пойтахтлик сайловчилар билан учрашди
2016-11-25 | Сайлов
Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёевнинг ишончли вакили А.Ҳожибоев пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур туманида сайловчилар билан учрашди.
Учрашувда Президентликка номзоднинг ишончли вакили йиғилганларни Шавкат Мирзиёевнинг таржимаи ҳоли ва сайловолди дастури билан таништирди.
Дастурда мамлакатимизни ҳар томонлама тараққий эттириш, аҳоли даромадлари ва ҳаёт сифатини муттасил ошириб боришдек муҳим йўналишлар ўз ифодасини топган.
Тошкент шаҳрининг барча туманларида янги маданият ва истироҳат боғлари барпо этиш, яшил майдон ва ҳудудларни янада кўпайтириш, коммунал ва савдо хизматлари сифатини яхшилаш, янги транспорт-коммуникация тармоқлари ва замонавий хизмат турлари, маданий-маиший объектлар бунёд этиш, ер усти тезюрар метро йўналишларини қуриш масалаларига устувор аҳамият қаратилган.
2017-2020 йилларда шаҳарларда 945 та кўп қаватли уй қуриш дастури лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда. Дастурга кўра, Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва йирик шаҳарларда 50 мингга яқин уй-жойга муҳтож оилалар учун кўп қаватли арзон ва замонавий уйлар қурилади.
Сайловчилар дастурда Биринчи Президентимиз Ислом Каримов томонидан бошлаб берилган демократик ислоҳотларни изчил давом эттириш ва чуқурлаштириш, тинчлик-осойишталик ва барқарорликни таъминлаш, мамлакатимиз иқтисодий қудратини мустаҳкамлаш, халқимиз учун муносиб турмуш шароитини яратиш ва бошқа йўналишлар юзасидан илгари сурилган вазифаларга алоҳида эътибор қаратди.
Учрашувда Шайхонтоҳур туманидаги “Қоратош” маҳалла фуқаролар йиғини фаоли Р.Обидов, “Тинчлик” масъулияти чекланган жамияти раҳбари М.Мирилёсов ва бошқалар номзоднинг дастурида белгиланган устувор вазифалар хусусида фикр билдирди.
Учрашувда номзоднинг ишончли вакили сайловчиларнинг саволларига жавоб қайтарди.
Манба: ЎзА