Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Депутатлар мамлакат ижтимоий-иқтисодий ҳаётига оид муҳим масалаларни муҳокама этдилар
2016-11-24 | Сиёсат
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракциялари ва Ўзбекистон экологик ҳаракати депутатлар гуруҳининг йиғилишларида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2016 йил тўққиз ойидаги ижроси кўриб чиқилди.
Муҳокамалар жараёнида барча фракциялар ва депутатлик гуруҳлари Вазирлар Маҳкамаси томонидан тақдим этилган ҳисобот юзасидан ўз нуқтаи-назарларини келишиб олдилар.
Депутатлар мамлакатимизда жорий йилнинг январида Ҳукумат мажлисида белгилаб берилган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишлари ва вазифаларини тизимли амалга оширилиши ҳисобот даврида ҳам иқтисодиётнинг макроиқтисодий барқарорлигини таъминлаш ва юқори ўсиш суръатларини сақлаш имконини берганини қайд этдилар.
Хусусан, жорий йилнинг 9 ойи якунларига кўра, мамлакат ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ) нинг ўсиш суръати 7,8 фоизни ташкил этди, шунингдек саноат ишлаб чиқариш ҳажми 7,2 фоизга, қурилиш ишлари ҳажми 15 фоизга ҳамда хизматлар кўрсатиш ҳажмининг 12,4 фоизга ўсишига эришилди. Давлат бюджети ялпи ички маҳсулотга нисбатан 0,1 фоиз профицит билан ижро этилди.
Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг Қонунчилик палатасидаги фракцияси йиғилишида амалга оширилаётган бозор ислоҳотларининг устувор йўналишлари бўлган кичик бизнеснинг ривожланишини қўллаб-қувватлаш, тадбиркорлик фаолияти эркинлигини таъминлаш, давлатнинг иқтисодиётдаги иштирокини қисқартириш муҳимлигини таъкидладилар.
Фракция аъзолари Ҳукумат томонидан экспортни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилган ишларга алоҳида аҳамият қаратиб, ҳисобот даврида яна 835 та корхона, биринчи навбатда кичик бизнес субъектлари экспорт фаолиятига жалб этилганлигини ва қўшимча 246 турдаги маҳсулот экспорти йўлга қўйилганлигини алоҳида эътироф этдилар.
Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси фракцияси аъзолари маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар натижасида жорий йилнинг
9 ойида тайёр маҳсулотлар, бутловчи қисмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш дастурига киритилган корхоналар томонидан саноат маҳсулотларининг 50 дан ортиқ янги тури ўзлаштирилганлиги, дастур доирасида жами 4.1 трлн. сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилиб, импорт ўрнини босиш самарадорлиги 1,3 млрд. АҚШ долларини ташкил қилганлиги алоҳида таъкидлаб, ҳисоботни ялпи йиғилиш муҳокамасига киритилишини маъқулладилар.
Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси аъзолари ўз дастурий мақсадлари ва Сайловолди платформасида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, ҳисобот даврида мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий сиёсатнинг изчиллиги таъминланганлиги, бу эса ўз навбатида аҳоли фаровонлиги ва турмуш даражасини оширишга хизмат қилаётганлигини алоҳида қайд этишди.
Хусусан, “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастурига асосан оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, соғлом ва ҳар томонлама камол топган авлодни тарбиялаш тизимини янада мустаҳкамлаш бўйича республикамизда бюджет ҳамда бошқа манбалар ҳисобидан қилинаётган кенг кўламдаги ишлар бевосита партия электорати манфаатларига мос келиши таъкидлаб ўтилди.
Ўзбекистон “Адолат” Социал-демократик партияси фракцияси аъзолари Давлат бюджетининг жорий йил 9 ойидаги ижросини дастлабки тарзда муҳокама қилиш чоғида асосий эътиборни таълим-тарбия, соғлиқни сақлаш соҳаларидаги ислоҳотларни янада чуқурлаштиришга йўналтирилган давлат бюджети маблағларининг мақсадли сарфланишига қаратдилар. Унда таълим муассасаларини сақлаш ва уларни ривожлантиришга ажратилган маблағлар сарфланиши ҳолатини муҳокама қилиш асносида барча таълим муассасалари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, уларни замонавий ахборот технологиялари, электрон ўқув-таълим дастурлари ва мультимедиа маҳсулотлари билан таъминлаш бўйича кўрилаётган чоралар таҳлил қилинди.
Ўзбекистон Экологик ҳаракатидан сайланган депутатлар жорий йил 9 ойи давомида Давлат бюджетидан атроф муҳитни муҳофаза қилиш учун, хусусан атмосфера ҳавоси ҳамда сув ва ер ресурслари, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси муҳофазасига, оқава сув тозалаш иншоотларини қуриш ва қайта таъмирлашга, ўрмончилик ва кўкаламзорлаштириш, биохилмахилликни ва муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни сақлаш ва янгиларини барпо этишга ва экологик йўналишдаги бошқа тадбирларга ажратилган маблағлар кўламини атрофлича муҳокама қилинди.
Фракциялар йиғилишларида, шунингдек, қонунчилик палатаси муҳокамасига иккинчи ўқишга киритилаётган “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.
Депутатлар ушбу қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш чоғида масъул қўмита мазкур жараёнга давлат бошқарувининг турли бўғинлари, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, назариётчи олимлар, юқори малакали мутахассислар, экспертлар ҳам кенг жалб этилгани, фракциялар томонидан қонун лойиҳасининг айрим нормаларини такомиллаштириш юзасидан берилган таклиф ва тавсиялар инобатга олинганини таъкидлаб ўтдилар.
Сиёсий партиялар фракциялари ва Ўзбекистон экологик ҳаракати депутатлар гуруҳи аъзолари иккинчи ўқишга киритилаётган “Маъмурий қамоқни ўташ тартиби тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ҳам муҳокама қилдилар.
Ушбу қонуннинг қабул қилиниши ҳибсга олинган шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимояси кафолатларини мустаҳкамлашга, маъмурий қамоқ жазосини ўташнинг ягона амалиётини таъминлашга, ички ишлар органлари фаолияти самарадорлигини ҳамда ушбу тизим ходимларининг масъулиятини оширишга хизмат қилади.
Тадбирлар якунида депутатларнинг фикр-мулоҳазалари ва таклифлари муҳокама этилди, сиёсий партиялар фракциялари ҳамда Ўзбекистон экологик ҳаракати депутатлари гуруҳининг кўриб чиқилган масалалар юзасидан нуқтаи-назари шакллантирилиб, Қонунчилик палатаси муҳокамасига киритиш ҳақидаги қарорлари қабул қилинди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси