Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Наримон Умаровнинг Қорақалпоғистон Республикаси сайловчилари билан учрашуви
2016-11-21 | Сайлов
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Наримон Умаров 21 ноябрь куни Қорақалпоғистон Республикаси сайловчилари билан учрашди.
Видеоконференция шаклида ташкил этилган учрашувни Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши раиси Е.Қунназаров очди. Президентликка номзоднинг ишончли вакили Р.Ўтарбоев йиғилганларни номзоднинг таржимаи ҳоли билан таништирди.
Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Наримон Умаров ўз сайловолди дастури юзасидан нутқ сўзлади.
Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби мустақиллик йилларида Қорақалпоғистон Республикаси иқтисодиёти ҳам изчил ривожланиб, аҳоли фаровонлиги юксалиб бормоқда. Айниқса, Қўнғирот сода заводи ва Устюрт газ-кимё мажмуаси нафақат минтақамиз, балки жаҳонда ҳам йирик саноат корхоналари сифатида мамлакатимиз иқтисодий тараққиётида муҳим аҳамият касб этади.
Номзоднинг дастурида демократик ижтимоий давлат ва адолатли фуқаролик жамияти қуриш, инновацион иқтисодиётга ўтиш, кучли ижтимоий сиёсат олиб бориш, хусусан, аҳолини сифатли тиббий хизмат, таълим ва уй-жой билан таъминлаш даражасини янада ошириш каби долзарб вазифаларга алоҳида эътибор қаратилган.
Орол денгизининг қуриши оқибатида ҳудудда юзага келган экологик ҳалокатни бартараф этишга қаратилган лойиҳа ва дастурларни изчил давом эттириш, экологик жиҳатдан тоза технологиялар асосида жадал ривожланишни таъминлашга йўналтирилган мутаносиб иқтисодий сиёсат олиб боришни қўллаб-қувватлаш ҳамда саноат корхоналари чиқиндиларини қайта ишлаш орқали атроф-муҳит мусаффолигини асраш масалалари илгари сурилган.
Экология масалалари ижтимоий-иқтисодий сиёсатимизнинг устувор вазифаларидан бири бўлиб, бу соҳани комплекс ривожлантириш бўйича алоҳида дастур ишлаб чиқиш, табиатнинг саноат корхоналари томонидан ифлосланишини камайтириш, чанг ва заҳарли моддаларни кўп ютувчи ўсимлик ва дарахтлар сони ва турини кўпайтириш, шаҳарлар ва саноат корхоналари атрофида яшил майдонлар барпо этиш, саксовул ва бутазорларни кенгайтириш орқали атроф-муҳит мусаффолигини таъминлашга қаратилган аниқ механизмлар ишлаб чиқилиши зарурлиги таъкидланган.
Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлигига қарашли 10-кўзи ожиз ва заиф кўрувчи болалар учун ихтисослаштирилган давлат мактаб-интернати директори Н.Қайпбергенов, “Экосан” халқаро хайрия жамоат фонди Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлими раҳбари Н.Мирзамуратов, Нукус давлат педагогика институти бошланғич таълим факультети декани У.Сейтжанова, Шуманай туманидаги “Оқжап” овул фуқаролар йиғини раиси Қ.Убайдуллаев ва бошқалар номзоднинг сайловолди дастури ҳақида фикр билдириб, сайловга тайёргарлик жараёни миллий қонунчилигимиз ва умумэътироф этилган халқаро нормаларга мувофиқ ўтаётганини таъкидлади. Сайловчиларни 2016 йил 4 декабрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида фаол иштирок этишга чақирди.
Манба: ЎзА