Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Марказий сайлов комиссиясида учрашув
2016-11-21 | Сайлов
Шу йил 21 ноябрь куни Марказий сайлов комиссиясида Қозоғистон Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Е.Утембаев билан учрашув бўлиб ўтди.
Марказий сайлов комиссияси Раиси М.Абдусаломов элчини Марказий сайлов комиссияси, округ ва участка сайлов комиссиялари томонидан шу йил 4 декабрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича асосий тадбирлар дастури доирасида амалга оширилаётган ишлар, мамлакатимиз сайлов қонунчилиги ва амалиётини янада такомиллаштириш мақсадида қонунчиликка киритилган сўнгги ўзгартиш ва қўшимчалар билан билан таништирди.
Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси сайлов жараёни очиқлиги ва ошкоралигини таъминлаш мақсадида аввалги сайловларда бўлгани каби халқаро ташкилотлар, хорижий давлатлар, шу жумладан, Қозоғистон Республикасидан кузатувчиларни таклиф этгани таъкидланди.
Мулоқот чоғида икки мамлакат сайлов органлари ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Қайд этилганидек, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси вакиллари Қозоғистон Республикасидаги парламент ва президент сайловларида МДҲ ҳамда ШҲТ кузатувчилар миссиялари таркибида бир неча марта иштирок этган. Ўз навбатида, Қозоғистон Марказий сайлов комиссияси, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари мамлакатимиздаги сайловларни кузатишда мунтазам қатнашиб келади.
Учрашувда томонларни қизиқтирган бошқа масалалар юзасидан ҳам ўзаро фикр алмашилди.
Манба: Марказий сайлов комиссияси