Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
МДҲ миссияси кузатувчилари ўз фаолиятини бошлади
2016-11-18 | Сайлов
Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) миссияси узоқ муддатли кузатувчилари Ўзбекистонга келди.
Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси таклифига биноан МДҲ кузатувчилари миссияси Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнини кузатишда иштирок этади.
Марказий сайлов комиссиясида МДҲ Ижроия қўмитаси бўлим бошлиғи Евгений Слобода бошчилигидаги кузатувчилар миссияси аъзолари билан учрашув бўлиб ўтди. Марказий сайлов комиссияси Раиси М.Абдусаломов меҳмонларни Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови кампаниясининг бориши билан таништирди. Учрашувда алоҳида таъкидланганидек, сайлов кампанияси Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, сайлов тўғрисидаги қонунлар ва Марказий сайлов комиссияси томонидан қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича асосий тадбирлар дастурига тўла мувофиқ ҳолда, очиқлик ва ошкоралик шароитида ўтмоқда.
МДҲ миссиясининг узоқ муддатли кузатувчилари Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларнинг сайловолди ташвиқоти жараёни билан ҳам таништирилди. Номзодларга сайловолди ташвиқотини олиб боришда оммавий ахборот воситаларидан фойдаланишда кенг ва тенг имкониятлар яратилгани қайд этилди.
Учрашувда МДҲ кузатувчилари фаолиятини мувофиқлаштириш учун Тошкент шаҳрида Миссия штаби фаолият кўрсатиши ва кузатувни ташкил этиш билан боғлиқ зарур тадбирларни ўтказиши таъкидланди. Сайлов жараёни қандай бораётгани тўғрисида материаллар тўплаш ва уларни таҳлил қилиш, сайлов қонунчилигини ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш, теле-ва радиоканаллардаги ахборот дастурлари ва кўрсатувларни, шунингдек, босма оммавий ахборот воситаларини мониторинг қилиш, номзодларнинг сайловолди штабларида учрашувлар ўтказиш Миссия штабининг асосий вазифалари ҳисобланади.
Илгари хабар берилганидек, Марказий сайлов комиссияси шу пайтга қадар Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Бутунжаҳон сайлов органлари ассоциацияси ва Ислом ҳамкорлик ташкилоти миссияларининг 90 дан зиёд кузатувчиларини аккредитациядан ўтказди.
Манба: Марказий сайлов комиссияси