Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Равшан Эрматов – энг кучли ҳакамлар сафида
2015-01-08 | Спорт
Халқаро футбол тарихи ва статистикаси федерацияси (IFFHS) томонидан 2014 йил якунлари бўйича дунёнинг энг яхши футбол ҳакамлари рўйхати эълон қилинди. Унда 37 балл жамғарган ўзбекистонлик ФИФА рефериси Равшан Эрматов бешинчи ўринни эгаллади.
2003 йилдан буён ФИФА таснифидаги учрашувларни бошқариб келаётган Р.Эрматов футбол бўйича деярли барча нуфузли мусобақаларда ҳакамлик қилган.
Ҳамюртимиз 2014 йили Бразилияда ўтказилган жаҳон чемпионатида жами тўртта – гуруҳ босқичида Швейцария – Эквадор, АҚШ – Германия ва Мексика – Хорватия, чорак финалда Голландия – Коста-Рика терма жамоалари ўртасидаги учрашувларни муваффақиятли бошқарди. Р.Эрматов ҳакамлик фаолияти давомида жаҳон чемпионатлари финал босқичида энг кўп – 9 учрашув бошқариб, дунё рекордини ўрнатди.
Ўзбекистонлик ФИФА рефериси 2008, 2009, 2010, 2011 ва 2014 йилларда беш маротаба "Осиёнинг энг яхши ҳаками" деб эътироф этилган. Дунёнинг энг яхши ҳакамлари рўйхатига ҳамюртимиз билан бирга италиялик Никола Риццоли, англиялик Ховард Уэбб, германиялик Феликс Брих, голландиялик Бьорн Куйперс, португалиялик Педру Проэнса, испаниялик Карлос Веласко Карбальо, туркиялик Жунейт Чақир, мексикалик Марко Антонио Родригес Морено ва аргентиналик Нестор Фабиан Питана киритилган.
Манба: ЎзА