Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ватанни шарафлаган ҳарбий спортчилар
2015-01-08 | Спорт
Марказий ҳарбий спорт клуби аъзолари 2014 йилги спорт мавсумида мамлакат ва халқаро миқёсдаги мусобақаларда жами 856 медални қўлга киритди.
Ватан – улуғ, бебаҳо тушунча. Унинг ҳар бир гўшаси, тоғу адирлари, чўлу дарёси, боғу даштлари ўзини, ўзлигини англаган инсон учун қадрли. Юрт корига яраш, унинг обрў-эътибори юксалишига ўзини дахлдор, деб билиш барчамизнинг муқаддас бурчимиздир.
Ана шу бурчни сидқидилдан адо этиб келаётган, қалбида ватанпарварлик, юртга садоқат туйғуси жўш урган ҳарбий спортчиларимизнинг турли нуфузли мусобақаларда эришаётган юксак натижалари билан ҳар қанча фахрлансак арзийди. Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги Марказий ҳарбий спорт клуби аъзолари ҳам спортчи, ҳам ҳарбий хизматчи сифатида ўзининг шарафли вазифасига масъулият билан ёндашишни, халқаро майдонларда Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишни асосий мақсади, деб билади.
Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида мамлакатимиз мудофаа тизимида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар самарасида миллий армиямиз сафларига ҳар томонлама соғлом, чуқур билимга эга йигитлар саралаб олинмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 1993 йил 19 мартдаги фармонига мувофиқ ташкил этилган мазкур ҳарбий спорт клуби Қуролли Кучларимиз сафини жисмоний ва маънавий соғлом ёшлар билан тўлдириш, ҳарбийларни спортга кенг жалб этиш, мамлакатимиз олимпия захираларига маҳоратли спортчилар ва малакали мураббийлар етиштириб беришга муносиб ҳисса қўшаётир.
Бугунги кунда мазкур клубда 600 нафардан зиёд йигит-қиз спортнинг дзюдо, бокс, кураш, эркин ва юнон-рум кураши, енгил ва оғир атлетика, таэквондо (WTF), теннис, байдарка ва каноэда эшкак эшиш, трамполин, сув полоси, баскетбол, ўқ отиш, армрестлинг, қўл жанги, универсал жанг, автоспорт бўйича тажриба ва маҳоратини оширмоқда. Машғулот жараёнлари МҲСК тизимида фаолият юритаётган малакали мураббийлар раҳбарлигида барча шароитларга эга замонавий спорт мажмуаларида, ўқув-машғулот базаларида олиб борилади.
Ёш спортчилар илк қадамини МҲСК таркибидаги Олий маҳорат спорт мактабида бошлайди. Мактабда ўз истеъдодини намоён эта олган, турли мусобақаларда юқори натижаларга эришган ёшлар клуб таркибига спорт фаоллари, МҲСК спорт жамоасига хизматчи сифатида, сўнгра эса шартнома асосида ҳарбий хизматга қабул қилинади. Клуб аъзолари спорт билан шуғулланиш баробарида ўз касб маҳоратини ошириш, мудофаа тизимидаги бошқа соҳаларда фаолият юритиш имконига ҳам эга.
Марказий ҳарбий спорт клубида, аввало, спортчиларнинг маънавиятини бойитишга, ахлоқий-руҳий тайёргарлигига, мамлакатимиз мустақиллиги ва хавфсизлигини мустаҳкамлашдаги фаоллигини оширишга алоҳида эътибор қаратилади. Бу уларни иродали, матонатли, мард ва жасур, ҳар қандай вазиятда Ватан ҳимоясига қодир, юқори малакали кадрлар этиб тарбиялашга хизмат қилаётир.
Клубнинг мамлакатимиз спорт федерациялари билан ҳамкорликда иш олиб бораётгани ҳарбий спортчиларга ўқув-машғулот йиғинларини юқори савияда ташкил этиш, халқаро мусобақаларда қатнашиш имконини бермоқда. МҲСК спортчилари бугунги кунда қатор спорт турлари бўйича миллий терма жамоаларимиз таркибида жаҳон ва қитъа чемпионатлари, Олимпия ва Осиё ўйинлари каби нуфузли мусобақаларда юксак натижаларга эришаётир.
– Ҳарбий спортчиларимиз 2014 йилги спорт мавсумида жами 856 медаль жамғарди. Шулардан 189 таси халқаро миқёсдаги нуфузли мусобақаларда қўлга киритилди, – дейди МҲСК бошлиғи ўринбосари, подполковник Уйғун Сиддиқов. – Спортчиларимизнинг бу натижаси мамлакатимизда спортни ривожлантириш, ёшларнинг спорт билан шуғулланиши, ўз иқтидор ва салоҳиятини юзага чиқариши учун яратилаётган кенг имкониятлар самарасидир.
МҲСК аъзоларининг Жанубий Кореянинг Инчеон шаҳрида ўтказилган XVII Осиё ўйинларида эришган натижалари салмоқли бўлди. Мазкур ўйинларда МҲСКнинг 44 нафар вакилидан 18 нафари ғолиб ва совриндорлар қаторидан жой олди. Осиё ўйинларида таэквондочи Жасур Бойқўзиев, каноэда эшкак эшиш бўйича Вадим Меньков ва енгил атлетика баҳсларида Екатерина Воронина шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилиб, қитъада тенгсиз эканини исботлади.
– Нуфузли мусобақаларда қўлга киритаётган ютуқларимиз замирида Президентимиз Ислом Каримов томонидан мамлакатимизда спортни, жумладан, хотин-қизлар спортини ривожлантиришга қаратилаётган улкан эътибор мужассам, – дейди XVII Осиё ўйинлари ғолибаси Екатерина Воронина. – Осиё ўйинларида эришган ғалабамни 2016 йилда Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида ўтказиладиган XXXI ёзги Олимпия ўйинларида ҳам такрорлаш учун бор куч-ғайратимни сарфлайман.
Мамлакатимизнинг енгил атлетикачилари, дзюдо усталари ва оғир атлетикачиларининг жаҳон ва қитъа чемпионатлари, нуфузли халқаро турнирларда эришган натижалари Ўзбекистонда мустақиллик йилларида том маънода соғлом ва ҳар томонлама етук спортчилар авлоди шаклланганининг амалдаги яна бир ифодасидир.
Спортчиларимизнинг жаҳон спорт ареналарида юксак натижаларга эришишида давлатимиз раҳбарининг 2013 йил 25 февралдаги "Ўзбекистон спортчиларини 2016 йилда Рио-де-Жанейро шаҳрида (Бразилия) бўлиб ўтадиган XXXI ёзги Олимпия ва XV Паралимпия ўйинларига тайёрлаш тўғрисида"ги қарори муҳим омил бўлмоқда.
Олимпиадага тайёргарлик дастурига мувофиқ юқори салоҳиятли спортчилар ва мураббийларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, олимпиячиларимиз захирасини бойитишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўқув-машғулот жараёнларини замонавий талаблар даражасида ташкил этиш, жисмоний тайёргарликни яхшилаш, болалар, ўсмирлар ва ёшлар ўртасида спортни ривожлантириш бўйича кенг кўламли вазифалар амалга оширилмоқда.
2015 йилги спорт мавсуми ҳарбий спортчиларимиз учун янада масъулиятлидир. Чунки жорий йилда Олимпия ўйинлари дастурига киритилган спорт турлари бўйича жаҳон ва қитъа миқёсида ўтказиладиган нуфузли мусобақалар спортчиларимиз учун XXXI ёзги Олимпиадага муҳим тайёргарлик вазифасини ўтайди. Шу боис мамлакатимизнинг барча спортчилари қатори Марказий ҳарбий спорт клуби аъзолари ҳам мусобақаларга ҳозирдан пухта тайёргарлик кўрмоқда. Асосий мақсад – 2016 йилги Олимпия ўйинларида муваффақиятли қатнашиб, Ватанимиз спорт салоҳиятини намоён этишдир.
Манба: ЎзА