Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Наримон Умаровнинг Cирдарё вилояти сайловчилари билан учрашуви
2016-11-15 | Сайлов
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Наримон Умаров 14 ноябрь куни Сирдарё вилояти сайловчилари билан учрашди.
Видеоконференция шаклида ташкил этилган учрашувни халқ депутатлари Сирдарё вилояти Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси депутатлик гуруҳи раҳбари С.Элмуродов очди. Президентликка номзоднинг ишончли вакили Ю.Усмонова йиғилганларни номзоднинг таржимаи ҳоли билан таништирди.
Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Наримон Умаров ўзининг сайловолди дастури юзасидан нутқ сўзлади.
Номзод мустақиллик йилларида амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида Сирдарё вилоятининг ижтимоий-иқтисодий салоҳияти юксалгани, ялпи ҳудудий маҳсулотда саноатнинг улуши ортиб, аҳоли фаровонлиги йилдан-йилга ошиб бораётганини таъкидлади.
Сайловолди дастурида демократик ижтимоий давлат ва адолатли фуқаролик жамияти қуриш, қонун устуворлигига эришиш, макроиқтисодий барқарорликни янада мустаҳамлаш, фуқароларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, иқтисодиётни модернизация ва диверсификация қилиш каби устувор вазифаларга алоҳида аҳамият қаратилган.
Ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш дастурларини амалга ошириш, экспортга йўналтирилган иқтисодиётни ривожлантириш, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг жаҳон бозоридаги рақобатбардошлигини ошириш, экспорт ва импорт миқдори орасидаги мувозанатни сақлаш, молия бозорига аҳоли, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари маблағларининг фаол жалб қилиниши борасида ҳали ишлатилмаган кенг имкониятлардан самарали фойдаланиш иқтисодиётимизни ривожлантириш учун қўшимча инвестициялар ва молиявий ресурслар жалб қилиш имкониятини бериши қайд этилган.
Дастурда экология соҳасида белгиланган вазифалар, жумладан, Сирдарё вилоятининг мураккаб табиий шароити, ҳудудда ерости сувлари яқинлиги, тупроқнинг шўрланиш даражаси юқорлиги каби муаммоларни бартараф этиш бўйича таклифлар илгари сурилган.
Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Ў.Холов, Гулистон давлат университети кафедра мудири Р.Маҳмудов, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Сирдарё вилояти кенгаши раиси Д.Абдуллаева, Ховос бирлашган темир йўл шифохонаси бош шифокори Ғ.Райимназаров, Гулистон мактабгача таълим ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи ўқитувчиси Д.Умрзоқова ва бошқалар номзоднинг сайловолди дастури юзасидан фикр билдирди. Сайловчиларни 2016 йил 4 декабрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида фаол иштирок этишга чақирди.
Манба: ЎзА