Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Пойтахтимизда “Дўстлик” фотокўргазмаси очилди
2016-11-11 | Маданият
Ўзбекистон Бадиий академияси тасарруфидаги Камолиддин Беҳзод номидаги мемориал боғ-музейда Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) билан ҳамкорликда “Дўстлик” фотокўргазмаси ташкил этилди.
Суратларни томоша қилатуриб, дўстликнинг неларга қодирлиги, кучи ва тафтини ҳис этасиз. Ўзбекистоннинг диққатга сазовор жойлари, олис ҳудудларию билим даргоҳлари акс этган суратлар – япон кўнгиллиларининг ижод маҳсуллари. Юртимизда фаолият кўрсатаётган JICAнинг 20 га яқин кўнгиллиси мактаблар, ўрта махсус ва олий ўқув юртлари, тиббиёт масканлари ва спорт мажмуаларидан лавҳаларни фототасмага муҳрлаган.
Кўргазма доирасида хайрия ярмаркаси ташкил этилди, кимоно, сумиэ кийиш маросими, каллиграфия, япон сувбўёқ тасвири бўйича маҳорат дарслари ўтказилди.
Ҳозир кўнгиллилар ҳаракати дунё бўйлаб оммалашиб бормоқда. Шу кунгача Ўзбекистонга «JICA волонтёрлари» лойиҳаси бўйича ташриф буюрган япониялик кўнгиллилар 250 тага етди. Улар соғлиқни сақлаш, таълим, молия ва маданият соҳаларида тажрибали мутахассислар бўлиб, ўзбекистонлик касбдошлари билан ҳамкорлик қилмоқда, мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик алоқаларининг мустаҳкамланишига ҳисса қўшмоқда.
Манба: ЎзА