Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Давлат харидлари тизими ҳуқуқий асослари
2016-11-11 | Иқтисодиёт
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида «Давлат харидлари самарадорлиги ва шаффофлигини таъминлашнинг ҳуқуқий асослари: ҳолати ва истиқболлари» мавзуида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Саноат, қурилиш ва савдо масалалари ҳамда Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмиталари ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда депутатлар, вазирлик ва идораларнинг масъул ходимлари, мутахассислар, тадбиркорлар ҳамда журналистлар иштирок этди.
Олий Мажлис қуйи палатасининг Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси раиси Б.Ниёзматов ва бошқалар мамлакатимизда тадбиркорлик субъектларига қулай имкониятлар яратиш, давлат харидлари тизимида ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш ҳамда тадбиркорлар учун электрон харид қилиш имкониятини янада кенгайтириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар юксак самаралар бераётганини таъкидлади.
Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг 2011 йил 7 февралдаги “Давлат харидлари тизимини мақбуллаштириш ва уларга кичик бизнес субъектларини жалб этишни кенгайтириш тўғрисида”ги қарори бу борада дастуриламал бўлмоқда.
Мамлакатимизда бу муҳим механизмнинг ҳуқуқий асослари яратилган бўлиб, соҳага оид 30 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинган. Давра суҳбатида давлат хариди қонунчилиги ҳамда тизимининг бугунги ҳолати ва асосий йўналишлари, электрон давлат харидининг ушбу жараёндаги шаффофлик ва самарадорликни таъминлашдаги ўрни, давлат хариди соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Шунингдек, давлат харидларига кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини кенг жалб қилиш, давлат харидлари тизимини қўллаш мажбурий бўлган субъектлар доирасини кенгайтириш, давлат харидлари иштирокчилари учун шикоят қилишнинг мустақил ва самарали тизими ҳамда тартибини яратиш, электрон харидларни янада ривожлантириш, натижаларини таҳлил қилиш учун ягона маълумотлар базасини, харидларнинг зарурий параметрларини жорий этиш масалаларининг долзарблигидан келиб чиқиб, уларнинг қонун даражасида акс эттирилиши муҳимлиги таъкидланди.
Манба: ЎзА