Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
БМТда Ўзбекистоннинг ИҲТ Ташқи ишлар вазирлари кенгашидаги раислиги давридаги устувор йўналишлари билан таништирилди
2016-11-08 | Сиёсат
Бирлашган Миллатлар ташкилотининг Нью-Йорк шаҳридаги Бош қароргоҳида Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 18-19 октябрь кунлари Тошкентда бўлиб ўтган Ислом Ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 43-сессияси очилиш маросимида сўзлаган нутқи Бош Ассамблеянинг расмий ҳужжати сифатида тарқатилди.
Унда халқаро ҳамжамиятга Ўзбекистоннинг бугунги кунда дунёдаги кўп томонлама ҳамкорликнинг энг йирик ва қудратли институтларидан бири - ИҲТ билан самарали ҳамкорлиги истиқболлари ҳақида маълумот берилади.
Ҳужжатда келтирилишича, “Таълим ва маърифат - тинчлик ва бунёдкорлик сари йўл” мавзуси Кенгашнинг Тошкент сессияси кун тартибининг асосий ғояси этиб белгилангани чуқур рамзий маънога эга.
Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев хотирлатган “Бу ғоя “Бешикдан қабргача илм изла” деган машҳур ҳадисга ҳамоҳангдир. Ушбу мавзу катта ҳаётий тажрибага эга бўлган, буюк давлат арбоби сифатида узоқни кўра оладиган Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти Ислом Каримов томонидан дунё халқлари, ўз халқи тақдири, бугунги мураккаб шароитда муқаддас динимизнинг аҳамияти ҳақидаги чуқур мулоҳазалар натижаси сифатида таклиф этилган эди”, - деган сўзлари келтирилади ҳужжатда.
Унда шунингдек, БМТ ҳамжамиятига, ўзбек халқи маънавий меросининг бутун бойлиги, унинг ислом қадриятларини авайлаб-асраш ҳамда ўрганиш ва авлодлардан авлодларга қолдиришга муносабати баён этилади.
“Дунё шиддат билан ўзгариб, барқарорлик ва халқларнинг мустаҳкам ривожланишига раҳна соладиган турли янги таҳдид ва хавфлар пайдо бўлаётган бугунги кунда маънавият ва маърифатга, ахлоқий тарбия, ёшларнинг билим олиш, камолга етишга интилишига эътибор қаратиш ҳар қачонгидан ҳам муҳимдир. Айнан таълим ва маърифат башарият фаровонлигининг асосий омилларидан ҳисобланади, инсонларни эзгуликка даъват этади, саховатли, сабр-қаноатли бўлишга ундайди. Муқаддас ислом динимиз бизга айнан шуни ўргатади”, дейилади ҳужжатда.
Маърузада шунингдек, Ўзбекистонда мустақилликнинг дастлабки йилларидан бошлаб инсон маънавий олами, халқлар маданиятини белгилайдиган манбаларни асраб-авайлаш ва бойитиш, ислом динининг жамиятдаги ўрнини, тарихий ислом ёдгорликлари, муқаддас қадамжоларни қайта тиклаш борасида амалга оширилган кенг кўламли ишлар баён этилади. Шу ўринда мамлакатимиз томонидан таълим ва маърифат, жумладан, диний таълим соҳаларида ҳамда асосий мақсади инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари олий қадрият ҳисобланадиган ва ҳурмат қилинадиган адолатли жамият барпо этиш борасида эришилган муваффақиятлар ҳақида маълумот берилади.
Ҳужжатда Ўзбекистон Ислом динидан зўравонлик ва хунрезлик мақсадларида фойдаланишга уринаётган кимсаларни кескин қоралаши ва улар билан ҳеч қачон муроса қила олмаслиги таъкидланади.
Ҳужжатда қайд этилганидек, тинчлик ва барқарорликка раҳна солаётган, моҳияти ва кўламига кўра трансмиллий хусусиятга эга турли хатти-ҳаракатлар содир этилаётган бир пайтда ИҲТнинг Ташкилотга аъзо давлатлар кучларини тинчлик йўлида бирлаштириш, ўзаро ҳамкорликнинг ишончли механизмларини, аъзо мамлакатларнинг долзарб масалалар юзасидан мулоқот қилиши учун ўзига хос майдон яратишга хизмат қиладиган роли ва масъулияти янада ортмоқда.
Шундан сўнг халқаро ҳамжамият эътиборига Ўзбекистоннинг ИҲТ Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг раиси сифатидаги устивор йўналишлари ҳақида маълумот берилади. Хусусан, мусулмон давлатларининг самарали ва нуфузли форуми сифатида ИҲТнинг ролини мустаҳкамлаш, ўзбек халқининг буюк мутафаккирлари меросини чуқур ўрганиш, теран англаш ва кенг оммалаштириш, инновацион ривожланиш, кенг кўламли илмий-техник кооперация ва янги технологиялар, илм-фан ва техника ютуқларини жорий этиш, Ташкилотга аъзо давлатларнинг халқаро савдо-иқтисодий, молиявий, инвестицион ҳамкорлигини кенгайтириш масалаларига эътибор қаратилган.
Ўзбекистоннинг Самарқанддаги Имом Бухорий ёдгорлик мажмуи ҳузурида буюк аждодлар кўп қиррали диний-маънавий меросини ўрганишга ихтисослашган халқаро илмий тадқиқотлар марказини, Тошкент ислом университети таркибида Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича Ислом ташкилотининг махсус кафедрасини ташкил этиш ва Яқин Шарқда ҳам ядро қуролидан холи ҳудудни яратиш борасидаги ташаббуслари халқаро ҳамжамият эътиборини ўзига жалб қилиши шубҳасиздир.
Ҳужжат БМТнинг 6 та расмий (рус, инглиз, араб, испан, хитой ва франсуз) тилларида тарқатилди ва Ташкилотнинг расмий ҳужжатлар тизимига киритилди.
Манба: “Дунё” ахборот агентлиги