Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Сайлов жараёнида ахборот ва сўз эркинлиги
2016-11-08 | Сайлов
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси ташаббуси билан “Сайлов жараёнида ахборот ва сўз эркинлигини таъминлаш: Ўзбекистон тажрибаси” мавзуида семинар ташкил этилди.
Унда депутатлар, ҳуқуқшунослар, ахборот соҳаси ва сайлов жараёнлари экспертлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ҳамда фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари вакиллари иштирок этди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси раиси И.Абдуллаев, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси ўринбосари Ў.Мирзаёров ва бошқалар жорий йилнинг 4 декабрида бўладиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловининг очиқлик, ошкоралик каби демократик тамойилларга мувофиқ адолатли ҳолда ўтказилишида оммавий ахборот воситалари муҳим ўрин тутишини таъкидлади.
“Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги қонуннинг 5-моддаси ҳамда Марказий сайлов комиссияси томонидан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича асосий тадбирлар дастурига мувофиқ оммавий ахборот воситалари сайлов жараёнини кенг ёритади.
Фуқароларнинг эркин хоҳиш билдириши ва мустақил танлов ҳуқуқини амалга ошириши бевосита ахборот соҳасидаги ахборотни олиш ва тарқатиш эркинлигига асосланади. Мамлакатимизда сайловларда чинакам сўз ва ахборот эркинлигини таъминлаш, ахборот соҳасини демократлаштириш ва либераллаштириш борасида улкан ишлар амалга оширилмоқда.
Семинарда оммавий ахборот воситалари демократик жараёнларнинг субъекти ҳисобланиб, сайловларга тайёргарлик кўриш ҳамда ўтказиш даврида муҳим роль ўйнаши таъкидланди. Сайловчиларни хабардор қилиш, сайловолди ташвиқоти воситаси ва жамоатчилик назоратининг муҳим шакли бўлиб хизмат қилади.
– Сайловга оид тадбирлар нодавлат телерадиостанциялар томонидан ҳам изчил ёритиб борилмоқда, – дейди Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси ижрочи директори ўринбосари Жамила Нуржонова. – Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси ҳамда ассоциация ўртасида имзоланган битимга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови жараёнларини нодавлат телеузатувчилар томонидан ёритиш бўйича чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилган. Унда жамоатчиликни сайловга тайёргарлик кўриш ҳамда ўтказишга оид тадбирлар ҳақида холис ҳамда тезкор хабардор қилиш, сайловчиларнинг ҳуқуқий маданиятини янада оширишга қаратилган телерадио маҳсулотларни тайёрлаш, уларни нодавлат телерадиостанциялар ва кабель студиялари орқали эфирга жойлаштириш назарда тутилган.
Семинарда сайлов жараёнини ишончли ва ҳаққоний ёритишда журналистларнинг касб маҳорати, сайлов жараёнида ахборот ва сўз эркинлигининг ҳуқуқий асослари каби мавзуларда маърузалар тингланди.
Манба: ЎзА