Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Наримон Умаровнинг Андижон вилояти сайловчилари билан учрашуви
2016-11-07 | Сайлов
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Наримон Умаров 5 ноябрь куни Андижон вилояти сайловчилари билан учрашди.
Видеоконференция тарзида ташкил этилган учрашувни Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси вилоят кенгаши раиси П.Асханов очди. Президентликка номзоднинг ишончли вакили А.Назаров йиғилганларни Наримон Умаровнинг таржимаи ҳоли билан таништирди.
Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Наримон Умаров ўз сайловолди дастури юзасидан нутқ сўзлади.
Наримон Умаров Андижоннинг ҳар бир ҳудуди ўзига хослиги билан ажралиб туриши, жумладан, бугун автомобиль саноатида мактаб яратган асакаликлар, енгил саноатда импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар билан бирга экспорт майдони кенгайиб бораётган Хўжаобод тумани, тадбиркорликда барчага ўрнак бўлаётган вилоят маркази ҳамда Андижон ва Шаҳрихон туманларида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар ва уларнинг самараларини алоҳида таъкидлади.
Андижон вилояти мамлакатимизнинг майдони энг кичик, айни пайтда аҳоли зич яшайдиган ҳудудидир. 2 миллион 900 мингдан ортиқ киши истиқомат қилаётган вилоятда уй-жойга бўлган талаб ва эҳтиёж жуда юқори. Ушбу эҳтиёжлардан келиб чиқиб, мустақиллик йилларида вилоятда намунавий лойиҳалар асосида 5 мингдан зиёд уй-жой қурилди. 2017-2019 йилларда яна 4 минг 220 шундай турар жойлар барпо этилиши режалаштирилган.
Дастурда мамлакатимизда аҳоли нуфуси ортиб, унинг турмуш сифати ва даражаси юксалиб бораётганидан келиб чиқиб, уй-жойга бўлган талабни қондириш бўйича таклифлар илгари сурилган. Уй-жой сотиб олиш ва қуриш учун ажратилаётган ипотека кредитлаш жараёнини такомиллаштириш, уй-жой бозоридаги фирибгарликлар учун жавобгарликни кучайтириш, уй-жой коммунал комплекси ишини янада яхшилаш, аҳоли учун белгиланаётган коммунал тўловлар миқдорини доимий назоратга олиш, хизмат кўрсатадиган муқобил ташкилотлар ўртасидаги рақобатни оширишга қаратилган устувор мақсадлар шулар жумласидандир.
Сайловолди дастурида номзод демократик ижтимоий давлат ва адолатли фуқаролик жамияти барпо этиш, қонун устуворлигига эришиш, макроиқтисодий барқарорликни янада мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, мамлакатни модернизация қилишдек устувор вазифалардан келиб чиққан ҳолда, янги авлод кадрларини тайёрлашга доир масалаларга ҳам алоҳида эътибор қаратилган.
Учрашувда Андижон шаҳридаги “Аср фаровонлик сари” масъулияти чекланган жамияти раиси Б.Комилов, халқ депутатлари Андижон вилояти Кенгаши депутати З.Комилова, Асака тумани тиббиёт бирлашмаси кўп тармоқли марказий поликлиникаси шифокори А.Султонов, "Адолат" социал-демократик партияси Асака тумани кенгаши раиси М.Каримова ва бошқалар номзоднинг сайловолди дастури ҳақида ўз фикрларини билдирди. Сайловчиларни 2016 йил 4 декабрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида фаол иштирок этишга чақирди.