Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Бандлик масаласи муҳокама этилди
2016-11-05 | Жамият
Нукусда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитасининг кенгайтирилган кўчма мажлиси бўлиб ўтди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси аъзолари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутатлари, тегишли вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотлари, аҳоли бандлигига кўмаклашувчи марказлар раҳбарлари, шаҳар ва туман ҳокимлари ўринбосарлари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этган йиғилишда 2016 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури параметрларининг Қорақалпоғистон Республикасида бажарилишини ўрганиш якунлари муҳокама этилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси раиси Ё.Умаров ва бошқалар мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган изчил ишлар юксак самаралар бераётганини таъкидлади.
Қорақалпоғистон Республикасида жорий йилда 49 минг 863 иш ўрни ташкил этиш режалаштирилган бўлиб, январь-сентябрь ойларида 38 минг 658 янги иш ўрни яратилди. Янги иш ўринларининг 83,8 фоизи қишлоқ жойларида ташкил этилиб, уларнинг 24,3 фоизи хотин-қизлар учун мўлжалланган.
Ҳисобот даврида янги иш ўринлари яратиш юзасидан кўзда тутилган режа саноатда 102,7, хизмат кўрсатишда 101,5, қишлоқ хўжалигида 101,2, қурилишда 103,8, тўхтаб қолган корхоналар фаолиятини қайта тиклаш ҳисобидан 103,6, тижорат банклари томонидан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига кредитлар ажратилиши ҳисобидан 101,6, деҳқон ва фермер хўжаликларини ривожлантириш бўйича 100,4 фоизга бажарилди.
Қорақалпоғистон Республикаси бўйича 2015-2016 ўқув йилида 23 минг 747 нафар коллеж битирувчиси билан тўрт томонлама тузилган шартнома асосида уларни ўқув-ишлаб чиқариш амалиётини ўтаган корхона ва ташкилотларга ишга жойлаштириш кўзда тутилган. Йиғилишда ушбу масала ижросига алоҳида эътибор қаратилди.
Самарали натижалар билан бир қаторда бандлик дастурига мувофиқ Нукус шаҳри, Беруний, Хўжайли ва Чимбой туманларида йўл қўйилаётган айрим камчиликларни бартараф этиш юзасидан кўрсатмалар берилди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси Қ.Сариев сўзга чиқди.
Шу куни қўмита томонидан Бердақ номидаги қорақалпоқ давлат университетида Ўзбекистон Республикасининг “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонуни янги таҳрири тарғиботига бағишланган тадбир ҳам ўтказилди.
Манба: ЎзА