Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Самарқандда қишлоқ хўжалигининг долзарб масалалари бўйича халқаро конференция ўтказилди
2016-11-05 | Иқтисодиёт
Самарқанд қишлоқ хўжалик институтида “Марказий Осиёда минтақавий ва халқаро ҳамкорликни ривожлантириш: қишлоқ хўжалик маҳсулотлари савдосидаги долзарб масалалар” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитаси томонидан Германиянинг IAMO (Ўтиш даври иқтисодиёти мамлакатларида қишлоқ хўжалигини ривожлантириш) институти ҳамда БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) билан ҳамкорликда ташкил этилган анжуманда дунёнинг 30 га яқин давлатидан қишлоқ хўжалиги иқтисодиёти ва унга ёндош соҳаларда илмий тадқиқотлар олиб бораётган мутахассис ва олимлар иштирок этди.
Конференцияда бугунги кунда дунёда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, сифатли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ва атроф-муҳит мусаффолигини асраш глобал аҳамиятдаги масалалардан экани таъкидланди. Ушбу йўналишларда мамлакатимизда амалга оширилаётган ишлар, аҳолининг табиий ва сифатли озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондириш билан бирга, экспорт имкониятлари юксалиб бораётгани алоҳида қайд этилди.
– Ҳозир дунё ҳамжамияти олдида табиий қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш муаммоси турибди, – дейди БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО)нинг савдо ва бозорлар маркетинги бўйича иқтисодчиси Екатерина Кривонос. – Шунинг учун бундай маҳсулотлар импорт-экспорти масалалари долзарб аҳамиятга эга. Ўзбекистоннинг бу борадаги имкониятлари жуда катта. Ўзбекистонда етиштирилаётган 170 турдаги маҳсулот дунёнинг 80 дан ортиқ давлатига экспорт қилинмоқда. Эндиги вазифа қишлоқ хўжалигида замонавий технологияларни кенг қўллаган ҳолда ҳосилдорликни янада ошириш, табиий имкониятлардан бундан-да самарали фойдаланишдан иборат.
Конференцияда табиий истеъмол маҳсулотларининг камайиб бораётгани, сув ресурсларининг қисқариши, ерларнинг чўлланиш даражаси юқорилиги, дунё аҳолиси кўпаяётгани ва бу вазиятда унумдор ерларнинг мелиоратив ҳолатини сақлаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш каби долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилди. Анжуман иштирокчилари вилоятдаги фермер хўжаликлари, қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлашга ва сақлашга мўлжалланган корхоналар фаолияти билан танишди.
Манба: ЎзА