Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Тадбиркорлар ҳимояси мустаҳкамланмоқда
2016-10-28 | Иқтисодиёт
Пойтахтимизнинг Чилонзор тумани ҳокимлигида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев 2016 йил 5 октябрда имзолаган “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармоннинг мазмун-моҳиятини ўрганишга бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.
Тадбирда фармон асосида тадбиркорлик субъектлари фаолиятига асоссиз аралашишларга қарши ишончли ҳуқуқий кафолатларни таъминлашга йўналтирилган давлат назоратининг янги механизмлари жорий этилгани алоҳида қайд этилди.
– Тадбиркорлик субъектларига нисбатан тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқидан маҳрум қилиш тарзидаги жиноий жазонинг бекор қилиниши биринчи марта ҳуқуқбузарликни содир этган ва ўз айбини ювган фуқароларга ўзининг тадбиркорлик фаолиятини салбий оқибатларсиз давом эттириш имконини беради, – дейди Қонунчилик палатаси Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси аъзоси Қутлимурат Бабашев. – Фармонда маъмурий ва жиноят қонунчилигини либераллаштиришнинг давом эттирилиши муносабати билан Жиноят, Солиқ, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекслар, бир қанча қонунларга тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши назарда тутилган.
Фармонда хорижий инвестициялар иштирокида янгидан ташкил этилган ишлаб чиқариш корхоналари учун қўшимча имкониятлар яратилган. Масалан, қўшма корхоналарга барпо этилганидан бошлаб беш йил мобайнида улар рўйхатдан ўтказилган санада амалда бўлган солиқ ставкалари ва бошқа мажбурий тўловларни қўллаш ҳуқуқи берилади.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузурида Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил институти фаолиятининг йўлга қўйилиши тадбиркорлик субъектларини ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, амалдаги қонунчилик меъёрларига тўлиқ риоя этилиши юзасидан ижро интизомини такомиллаштиришда мустаҳкам кафолат бўлиб хизмат қилади.
Манба: ЎзА