Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Аҳоли бандлиги парламент эътиборида
2016-10-25 | Жамият
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитасининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тақдим этган 2017 йилга мўлжалланган аҳоли бандлиги дастури лойиҳаси мутасадди вазирлик, идора ва муассасалар, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида кўриб чиқилди.
2017 йилга мўлжалланган бандлик дастури лойиҳасида 390 минг кишини доимий, 200 минг кишини қишлоқ хўжалиги ҳамда қурилишда мавсумий ва вақтинчалик иш билан, 309 минг кишини шахсий ёрдамчи ва деҳқон хўжаликлари, ҳунармандлик ва оилавий тадбиркорлик орқали иш билан таъминлаш назарда тутилгани, унда меҳнат бозоридаги талаб, жойлардаги ва соҳалардаги мавжуд имкониятларни чуқур таҳлил этиш орқали депутатларнинг назорат ишлари якунлари асосидаги таклифлари ҳам эътиборга олинганлиги қайд этилди.
Дастур лойиҳасида унинг параметрлари сўзсиз бажарилишини таъминлашга қаратилган аниқ чора-тадбирлар кўзда тутилган. Айниқса, бўш иш ўринлари ярмаркаларида меҳнат майдонлари ташкил этилиши, уларга “бир дарча” хизмати мутахассисларининг жалб қилиниши аҳолини кафолатланган иш билан таъминлашга самарали ҳисса қўшади.
Тадбирда дастурда белгиланган иш ўринларини ташкил этиш механизмлари, дастур мониторингини юритиш масалалари муҳокама қилинди, тегишли тавсиялар ишлаб чиқилди.
Манба: ЎзА