Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси чемпионатни ғалаба билан бошлади
2016-10-18 | Спорт
Баҳрайнда ўтказилаётган ўн тўққиз ёшгача футболчилар ўртасидаги Осиё чемпионатида Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси илк ғалабасини нишонлади.
Чемпионатда ўн олти давлат терма жамоаси тўрт гуруҳда ғолиблик учун баҳс олиб бормоқда. Энг кучли тўрт давлат терма жамоаси 2017 йил Жанубий Кореяда бўладиган йигирма ёшгача футболчилар ўртасидаги жаҳон чемпионатига йўлланмани қўлга киритади.
Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси Хитой, Австралия ва Тожикистон футболчилари билан «D» гуруҳидан жой олган.
Жасур Абдураимов бошчилигидаги терма жамоамиз гуруҳдаги дастлабки учрашувни тожикистонлик тенгдошларига қарши ўтказиб, 2:1 ҳисобида ғалабага эришди. Голларга Саиджамол Давлатжонов ва Жасур Яхшибоев муаллифлик қилди.
Энди футболчиларимиз 18 октябрь куни Австралия ёшлар терма жамоаси билан ўйнайди.
Манба: ЎзА