Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Маҳсулот юз фоиз экспорт қилинмоқда
2016-10-18 | Иқтисодиёт
Наманган шаҳрида фаолият юритаётган “Афрўз Камол Наби” масъулияти чекланган жамиятида қайта ишланаётган мева-сабзавотлар юз фоиз хорижга экспорт қилинмоқда.
Бу ерда маҳаллийлаштириш дастури асосида амалга оширилган модернизация ишлари ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ва маҳсулот сифатини янада яхшилаш имконини бермоқда.
– Техник ва технологик янгилаш ишларига “Асакабанк”нинг вилоят филиалидан олинган кредит маблағи қўл келди, – дейди корхона раҳбари Абдураҳмон Расулов. – Хориждан келтирилган замонавий ускуналар ишлаб чиқариш ҳажмини оширишда муҳим аҳамият касб этаётир. Корхонада кунига 60 тонна картошка, пиёз, лавлаги, сабзи, карам, булғор қалампири, олма, олча, олхўри, узум сингари 27 турдаги сабзавот ва ҳўл мева юқори технологиялар асосида қуритилиб, Россия, Хитой, Озарбайжон давлатларига экспорт қилинмоқда. 2015 йилда 140 минг долларлик қуритилган мева-сабзавот экспорт қилинган бўлса, бу йил ташқи бозорга 1 миллион 500 минг долларлик маҳсулот етказиб беришни режалаштирганмиз. Жорий йилнинг биринчи ярмида 650 минг долларлик маҳсулот буюртмачиларга шартнома асосида етказиб берилди. Шу йилнинг март ойида Москва шаҳрида бўлиб ўтган халқаро ярмаркада қатнашиб, бир неча янги ҳамкорлар билан шартнома тузишга эришдик. Жорий йил учун умумий шартномаларимиз қиймати 3 миллион долларга етди. Шунга мувофиқ 30 дан зиёд фермер, боғдорчилик ва деҳқончилик хўжаликлари билан мева-сабзавот харид қилиш юзасидан шартнома туздик. Экспорт режаларини бажаришга барча имкониятларимиз бор.
Корхонанинг узлуксиз ишлашини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилиб, хомашё захираси яратилмоқда. 1,5 минг тонна сиғимга эга музлатгич омборхонаси кейинги мавсумгача етарли мева-сабзавот захираси билан тўлдирилаётир. Айни пайтда келгуси йилда 10 минг тонна сиғимли икки қаватли музлатгич омборхона қуриш лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Наманган вилоятида 225 минг гектардан зиёд майдонда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилмоқда. 7 минг гектардан зиёд ерда картошка, 14 минг 400 гектарга яқин майдонда сабзавот маҳсулотлари, қарийб 27 минг 700 гектар боғда мева етиштирилди.
Фермер ва деҳқон хўжаликлари томонидан 1 миллион 371 минг 700 тонна мева-сабзавот, картошка, полиз маҳсулотлари ва узум етиштириш кўзда тутилган. Бу аҳолининг ушбу турдаги маҳсулотларга бўлган эҳтиёжини тўла қондириш билан бирга, уни хорижий давлатларга экспорт қилиш имконини ҳам оширади. Масалан, 675 минг 200 тонна сабзавотнинг 106 минг 740 тоннасини қайта ишлаш ва 39 минг 700 тоннасини экспортга чиқариш режалаштирилган.
Жорий йилнинг 12-14 июль кунлари пойтахтимизда ўтказилган I Халқаро мева-сабзавот ярмаркасида вилоятдан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ва қайта ишлашга ихтисослашган 52 хўжалик юритувчи субъект 70 дан ортиқ турдаги маҳсулот билан қатнашди. Ўнлаб давлатлар ишбилармонлари билан мева-сабзавот экспорти бўйича умумий қиймати 189,7 миллион долларлик шартномалар тузилди.
Мева-сабзавот экспортини тижорат банкларининг кредит маблағлари билан қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мева-сабзавотчиликни ривожлантириш ва етиштирилган қишлоқ хўжалик маҳсулотлари экспортини кўпайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банкининг вилоят филиали кўмагида Чуст туманида “Olmos farm text”, Чортоқ туманида “Vodiy ta'mir ta'minot baza”, Наманган туманида “Namangan meva-sabzavot eksport”, Янгиқўрғон туманида “Quyoshli diyor saxovatlari” ва “Yangikurgan agro invest”, Учқўрғон туманида “Baraka meva sanoat servis” агрофирмалари ташкил этилди.
Жорий йилнинг ўтган даврида мазкур банк томонидан сабзавотчилик ва боғдорчилик йўналишларига 10 миллиард сўмга яқин кредит маблағлари ажратилди. “Навбаҳор меваси” фермер хўжалиги интенсив боғ ташкил этиш, “Наманган шарбати” қўшма корхонаси мева-сабзавотни қайта ишлаш технологиясини жорий этишда шундай имкониятлардан самарали фойдаланди.
“Асакабанк”нинг вилоят филиали ҳам қишлоқ хўжалиги, айниқса, узумчиликни ривожлантириш бўйича ихтисослашган агрофирмалар ташкил этишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Чуст туманида “Капитал Агро Импекс”, Янгиқўрғон туманида “Қуёшли юрт узуми”, “Гулшан саховатли маскани”, Чортоқ туманида “Чортоқагроимпекс”, Тўрақўрғон туманида “Соҳибкор”, Косонсой туманида “Косонсой узумзори” агрофирмалари ишга туширилди. Мазкур банк томонидан “Гулшан Шўркент токзорлари”, “Сув узуми” каби узумчилик йўналишидаги фермер хўжаликларига 1,6 миллиард сўм кредит маблағлари ажратилди.
Мухтасар айтганда, мамлакатимизда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар дастурхонимиз тўкинлигини таъминлаш билан бирга, серқуёш заминимизда етиштирилаётган неъматларни экспорт қилиш ва, энг муҳими, халқимиз фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилмоқда.
Манба: ЎзА