Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Сурхондарё вилоятида 38 мингдан зиёд ёш сайловда биринчи марта овоз беради
2016-10-14 | Сайлов
9-Сурхондарё округ сайлов комиссияси ва Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти Сурхондарё вилояти ҳудудий бўлинмаси ҳамкорлигида ташкил этилган давра суҳбати шундай номланди.
Тадбирда 9-Сурхондарё округ сайлов комиссияси аъзолари, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти Сурхондарё вилояти ҳудудий бўлинмаси мутахассислари, педагоглар, сайловда илк марта овоз берадиган ёшлар, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти Сурхондарё вилояти ҳудудий бўлинмаси раҳбари ўринбосари Ф.Шарипов, 9-Сурхондарё округ сайлов комиссияси аъзоси Ғ.Расулов ва бошқалар мамлакатимизда халқаро демократик тамойилларга мос миллий сайлов қонунчилиги яратилгани фуқароларнинг ўз хоҳиш-иродасини эркин ифода этишида муҳим омил бўлаётганини таъкидлади.
Сурхондарё вилоятида ҳам Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига қизғин тайёргарлик кўрилмоқда. Бу жараёнда фуқароларнинг Бош Қомусимизда белгилаб қўйилган ҳуқуқларидан фойдаланиши учун зарур шароит яратишга алоҳида эътибор қаратилаётир. Округ сайлов комиссияси аъзолари вилоятда ташкил этилган 708 участка сайлов комиссиялари фаолиятини миллий қонунчилигимиз доирасида ташкил этишга кўмаклашмоқда. Маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳам участка сайлов комиссиялари аъзолари таркибини тақдим этиш, сайловчилар ва уларнинг манзилини аниқлаш, биринчи марта сайловда иштирок этувчилар рўйхатини шакллантириш ишларида фаол иштирок этмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида вилоятдан 1 миллион 581 мингдан ортиқ сайловчи ўз хоҳиш-иродасини эркин ифода этади. Уларнинг 38 минг 15 нафари сайловларда илк марта овоз берадиган ёшлардир. Ушбу муҳим сиёсий воқеага ҳозирлик кўриш жараёнида сайловчилар, айниқса, биринчи марта иштирок этаётган ёшларнинг сайловга доир билимини бойитишга қаратилган турли семинар, давра суҳбати ва учрашувлар ўтказилмоқда.
Давра суҳбатида ёшларга Биринчи Президентимиз раҳнамолигида яратилган миллий сайлов тизими, Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги қонуни ва сўнгги йилларда унга киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар мазмун-моҳияти, сайловчиларнинг Конституциямизда белгилаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликлари хусусида атрофлича маълумот берилди.
– Шу йилнинг 4 декабрь куни ўтказиладиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови мен учун унутилмас воқеа бўлади, – дейди Термиз шаҳридаги 2-академик лицей ўқувчиси Муҳаммади Жумаев. – Яқинда 18 ёшга тўлдим ва сайлаш, сайланиш ҳуқуқига эга бўлдим. Сайлов куни Ватанимиз тинчлиги ва келажаги учун илк бор овоз бераман. Келажакда устозларимдек педагоглик касбини улуғлаб, ёшларга тарих фанидан сабоқ бермоқчиман. Ушбу тадбирда орзуларимнинг бекаму-кўст руёбга чиқиши учун сайлов куни менинг овозим ҳам муҳим аҳамиятга эга эканини янада теран англадим.
Манба: ЎзА