Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг мажлиси тўғрисида ахборот
2016-10-13 | Иқтисодиёт
2016 йил 12 октябрда Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Шавкат Мирзиёев раислигида Вазирлар Маҳкамасининг мажлиси бўлиб ўтди.
Мажлисда келгуси йилнинг энг муҳим молиявий-иқтисодий ҳужжатлари бўлган – 2017 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар прогнозлари, солиқ ва бюджет сиёсати концепциялари, Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети ҳамда Иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури лойиҳалари ҳар томонлама муҳокама қилинди ҳамда қўшимча чора-тадбирлар ишлаб чиқилди.
Мажлисда Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов томонидан белгилаб берилган, жорий йилда макроиқтисодий барқарорликни ва иқтисодий ўсишнинг юқори суръатларини сақлашни, шунингдек, Давлат бюджетининг асосий параметрлари бажарилишини таъминлаган 2016 йилги ва келгуси йиллар учун иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор вазифаларини амалга ошириш бўйича кўрилаётган тизимли чора-тадбирлар чуқур таҳлил қилинди.
Мажлис давомида Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги ва Марказий банки томонидан ишлаб чиқилган 2017 йилги макроиқтисодий кўрсаткичлар прогнози бўйича таклифлар муҳокама қилинди ва қўллаб-қувватланди. Уларда ялпи ички маҳсулотни, инвестициялар, саноат ва қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш, қурилиш ишлари ва хизматлар кўрсатиш ҳажмларининг жадал ўсиш суръатларини ҳамда нархларнинг умумий даражаси ўсишини сақлаш ҳисобига макроиқтисодий барқарорликка эришиш назарда тутилган.
Мажлисда 2017 йилда солиқ ва бюджет сиёсатини янада такомиллаштириш бўйича солиқ маъмурчилигини такомиллаштиришни, маҳаллий бюджетларнинг ва мақсадли бюджетдан ташқари фондларнинг даромад қисмини мустаҳкамлашни, шунингдек, давлатнинг ижтимоий мажбуриятларини молиялаштиришнинг устуворлиги сақланишини назарда тутувчи таклифлар бирма-бир кўриб чиқилди.
Солиқ юкини камайтириш бўйича энг муҳим чора-тадбирлар қаторида иқтисодиёт тармоқларига солиқ юкламасини сезиларли юмшатадиган айрим солиқ имтиёзлари амал қилиш муддатини узайтириш назарда тутилган. Булар солиқ тўловчиларнинг айрим тоифаларига уларнинг молиявий барқарорлигини мустаҳкамлаш ҳамда сақлаб қолинадиган маблағларни ўз фаолиятини янада ривожлантириш ва модернизациялаш, ходимлар иш ҳақини ва инвесторлар даромадини оширишга йўналтириш имконини беради.
Қайд этиб ўтилдики, солиқ сиёсати концепциясида назарда тутилган рағбатлантирувчи чора-тадбирларнинг амалга оширилиши келгуси йилда мамлакат иқтисодиётига солиқ юкини янада камайтиришни таъминлайди.
Мажлисда 2017 йилги Давлат бюджети харажатларининг асосий параметрларига алоҳида эътибор қаратилди. Ишлаб чиқилган Давлат бюджети лойиҳасида ижтимоий харажатларни молиялаштиришга қарийб 60 фоиз маблағлар ажратилиши ушбу лойиҳада юқори ижтимоий йўналтирилганлик сақланиб қолгани қайд этиб ўтилди. Келгуси йилда бюджет соҳаси ходимлари иш ҳақи, пенсиялар, ижтимоий нафақалар ва стипендиялар миқдорларини янада ошириш, таълим, соғлиқни сақлаш ва бошқа ижтимоий соҳа муассасаларининг моддий-техник базаси ва жиҳозланганлигини мустаҳкамлашга оид ишларни давом эттириш назарда тутилмоқда.
Вазирликлар, идоралар ва ҳудудлар раҳбарларининг эътибори ижтимоий соҳа ва инфратузилмани ривожлантиришга ажратилаётган бюджет маблағларидан самарали ва мақсадли фойдаланилиши юзасидан қатъий назоратни таъминлаш зарурлигига, инвестиция лойиҳаларини ҳамда ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича тасдиқланган дастурлардаги энг муҳим чора-тадбирларни молиялаштиришга қаратилди.
Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро ҳокимликлари раҳбарлари олдига иқтисодиётнинг барча тармоқлари корхоналарининг молиявий-иқтисодий ҳолатини тизимли кўриб чиқиш ва мустаҳкамлаш, бюджет ва бюджетдан ташқари мақсадли жамғармаларга тўловлар бўйича ўз вақтида ҳисоб-китобларни таъминлаш вазифаси қўйилди. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, туман ва шаҳар ҳокимликларига янги корхоналарни ишга тушириш ва мавжуд корхоналар фаолиятини кенгайтириш, кичик бизнес ва хизмат кўрсатиш соҳасини жадал ривожлантиришни рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаш ҳисобига маҳаллий бюджет даромад қисмини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирларни қабул қилиш юзасидан топшириқлар берилди.
Бандликни ошириш бўйича чора-тадбирларни фаол давом эттиришнинг муҳимлиги ва ижтимоий аҳамиятини ҳисобга олган ҳолда республика Ҳукумати мажлисида 2017 йилда Иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури лойиҳаси параметрлари ҳар томонлама ва чуқур таҳлил қилинди.
Дастур лойиҳаси республика иқтисодиёт тармоқлари ва ҳудудларида мавжуд ресурс ва захираларни тўлиқ сафарбар қилиш, жумладан, саноат, қишлоқ хўжалиги, ишлаб чиқариш ва ижтимоий инфратузилма соҳасини модернизациялаш ва ривожлантириш, хизмат кўрсатиш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда уй меҳнатининг барча шаклларини кенгайтириш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли чора-тадбирлар натижасида мамлакат аҳолисининг бандлигини янада оширишни кўзда тутади.
Дастур лойиҳасининг асосий йўналишлари ва кўрсаткичларини кўриб чиқиш давомида барча даражадаги ҳокимликлар, хўжалик бошқаруви органлари, корхоналар, тегишли вазирликлар ва идоралар раҳбарлари олдига янги иш ўринлари ташкил этиш параметрларига эришишни сўзсиз таъминлаш, бандликни ошириш масалаларини амалда ҳал этиш ҳамда шу асосда аҳоли даромадларини, ҳаёти даражаси ва сифатини янада ошириш бўйича аниқ вазифалар қўйилди.
Мажлисда, шунингдек, ёшларни, энг аввало, 2016/2017 ўқув йилида касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаштиришни таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар муҳокама қилинди.
Республика Ҳукумати мажлисидаги муҳокамалар натижалари бўйича 2017 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар прогнози, солиқ ва бюджет сиёсати концепциялари, Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ҳамда Иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури лойиҳалари маъқулланди ва уларни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига кўриб чиқиш учун юборишга қарор қилинди.
Манба: ЎзА