Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг мажлиси тўғрисида ахборот
2016-10-10 | Сиёсат
2016 йил 10 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг мажлиси бўлиб ўтди.
Мажлисни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Н.Йўлдошев олиб борди.
Кенгаш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг еттинчи ялпи мажлисини жорий йилнинг 12 октябрь куни Тошкент шаҳрида чақириш тўғрисида қарор қабул қилди.
Сенаторлар Олий Мажлис ялпи мажлисининг кун тартибига Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Ш.Мирзиёев томонидан Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 93-моддасининг 23-бандига мувофиқ парламентнинг юқори палатасига киритилган “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма тўрт йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида”ги масаланинг киритилиши муҳим эканлигини алоҳида таъкидладилар.
Сенат ялпи мажлисининг кун тартибига мамлакатимизнинг ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий ҳаётининг барча соҳаларини изчил ислоҳ қилиш ҳамда эркинлаштиришга, аҳоли фаровонлигини оширишга ҳамда ижтимоий ҳимоя қилинишини кучайтиришга қаратилган бир қатор Ўзбекистон Республикаси қонунлари киритилмоқда. “Кексалар, ногиронлар ва аҳолининг бошқа ижтимоий ҳожатманд тоифалари учун ижтимоий хизматлар тўғрисида"ги, “Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги, “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни ҳақида”ги қонунлар шулар жумласидандир.
Ялпи мажлисда, шунингдек, “Халқаро меҳнат ташкилотининг бирлашмалар эркинлиги ва касаба уюшмаларига бирлашиш ҳуқуқини ҳимоя қилиш тўғрисидаги 87-сонли Конвенциясини ратификация қилиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни ҳам кўриб чиқилади.
Мажлисда Сенат Кенгаши ваколатига кирадиган бошқа масалалар ҳам муҳокама этилди.
Олий Мажлис Сенати қўмиталарининг ва девонининг еттинчи ялпи мажлисга тайёргарлик кўриш бўйича ишини мувофиқлаштириш учун Кенгаш томонидан ишчи гуруҳ тузилди.
Барча муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
Манба: ЎзА