Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

«Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармоннинг асосий нормалари

2016-10-08 | Иқтисодиёт

Мустақиллик йилларида Ўзбекистон Республикасида бошқарувнинг бозор тамойиллари ва механизмларини жорий этиш, қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантириш, хусусий мулк устуворлигини таъминлаш, хусусий тадбиркорликни ривожлантириш йўлидаги турли хил бюрократик тўсиқ ва ғовларни баратараф этиш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Натижада ўтган давр мобайнида иқтисодиётнинг таркиби тубдан ўзгарди. Шу ўринда, агар 25 йил аввал Ўзбекистонда хусусий тадбиркорлик деярли мавжуд бўлмаган бўлса, бугунги кунга келиб барча хўжалик юритувчи субъектларнинг 90 фоиздан ортиғи - бу кичик бизнес корхоналари эканини таъкидлаш кифоя. 2000 йилда мамлакат ялпи ички маҳсулотининг 31 фоизи кичик бизнес соҳасида яратилган бўлса, 2015 йилда мазкур кўрсаткич 56,5 фоизни ташкил этди.
Бугунги кунда саноат маҳсулотларининг 40 фоизи, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг 98 фоизи айнан шу соҳа ҳиссасига тўғри келаётир.

Шу ўринда, аҳоли бандлигини таъминлаш ва халқимиз даромадларининг ўсиб боришида хусусий тадбиркорликнинг тутган салмоғи нақадар юқори эканлигини алоҳида қайд этиш жоиз. Айни вақтда банд аҳолининг қарийб 78 фоизи шу соҳада меҳнат қилмоқда. Натижада, сўнгги беш йил ичида аҳоли даромадлари ичида тадбиркорлик фаолиятидан олинган даромадларнинг улуши 47,1 фоиздан 52 фоизгача ўсгани аҳоли даромадларининг ошиши, одамларнинг турмуш даражаси ва сифатини яхшилаш борасида муҳим аҳамият касб этиб бораётганидан далолат беради.

Олий Мажлис Қонунчилик Палатаси ва Сенатининг жорий йил 8 сентябридаги қўшма мажлисида Ўзбекистон Республикасининг Биринчи президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг хусусий тадбиркорлик ва кичик бизнес субъектлари манфаатларини мустаҳкам ҳимоя қилиш тўғрисидаги талаб ва топшириқлари ижросини изчил давом эттириш, турли бюрократик тўсиқлар ва асоссиз текширувларни бундан кейин ҳам қатъият билан чеклаш амалга оширилаётган ислоҳотларнинг устувор йўналишларидан бири этиб белгиланди.

Шу маънода, яқинда Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиеёв томонидан имзоланган “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармон мамлакатимиз иқтисодиётини барқарор ривожлантириш ҳамда аҳоли фаровонлигини оширишда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг эркин фаолияти учун кенг имконият яратиш, уларнинг манфаатларини давлат томонидан ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлаш борасида янги сифат босқичини бошлаб берди, десак муболаға бўлмайди.

Тадбиркорлик субъектлари фаолиятига асоссиз аралашувдан ҳимоя қилувчи ишончли ҳуқуқий кафолатларни таъминлашга қаратилган мутлақо янги бозор механизмлари ва нормаларининг ўрнатилиши Фармоннинг энг муҳим ўзига хос жиҳатларидан биридир.

Хусусан, 2017 йилнинг 1 январидан бошлаб, режадан ташқари текширишлар, шунингдек тадбиркорлик субъектлари фаолиятини, шу жумладан, жиноят ишлари доирасидаги муқобил текширишларнинг барча турлари бекор қилиниши каби мисли кўрилмаган чора-тадбирлар жорий этилмоқда.

Бундан буён жиноят ишлари бўйича ўтказиладиган текширишларни тайинлаш ва ўтказиш тартиби аниқ ҳуқуқий нормалар асосида қатъий тартибга солинади. Қолаверса, жиноятлар содир этилиши, шунингдек, тадбиркорлик субъектлари фаолиятига ноқонуний аралишиш натижасида етказилган зарарни аниқлашнинг ягона мезонлари ва асослари белгилаб берилади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузурида тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил институтини ташкил этиш ташаббуси тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришнинг ҳуқуқий кафолатларини мустаҳкамлаш ва давлат, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органлар билан муносабатларида бизнес вакилларининг манфаатларини муносиб ҳимоя қилиш йўлиди ташланган яна бир дадил қадам бўлди.

Фармонда асосий эътибор тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ бўлган маъмурий ва жиноят қонунчилигини янада эркинлаштиришга қаратилмоқда. Хусусан, солиқ ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш ва тадбиркорлик фаолиятини давлат рўйхатидан ўтказмасдан амалга ошириш каби биринчи марта ҳуқуқбузарликлар содир этган тадбиркорлик субъектлари ва уларнинг ходимларини улар томонидан етказилган зарарни қоплаган ва ҳуқуқбузилиши оқибатларини белгиланган муддатларда ихтиёрий бартараф этган тақдирда жавобгарликнинг барча турларидан озод қилиш тартиби белгиланмоқда.


Мазкур чора ҳуқуқбузарликка йўл қўйган тадбиркор томонидан унинг ишлаб чиқариш фаолиятини пасайишига йўл қўймай, бюджетга тўловлар ва иш ўринларини сақлаб қолган ҳолда ҳуқуқбузарлик оқибатларини ихтиёрий равишда бартараф этиш имконини беради.

Сир эмаски, тадбиркорлик субъектларига нисбатан тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқидан маҳрум қилиш тарзидаги жиноий жазо қўлланилиши оқибатида қонунбузарликка йўл қўйган шахслар, одатда, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш ёки уни давом эттириш имкониятидан, энг ёмони, оиласининг эҳтимол ягона даромад манбаидан маҳрум бўлар эдилар. Шу муносабат билан, 2017 йилнинг 1 январидан бошлаб мазкур жазо чорасининг қўлланилиши бекор қилинади.

Таъкидлаш жоизки, Жаҳон банкининг “Бизнес юритиш” ҳисоботига кўра, Ўзбекистон, авваламбор, суд ишлари фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини изчил татбиқ этилиши туфайли хўжалик судларида тижорат ишлари билан боғлиқ баҳс-мунозарларни ҳал этишда энг кам вақт сарфлайдиган давлат сифатида дунёда тўртинчи ўринни эгаллайди. Чунончи, биргина жорий йилнинг тўққиз ойида 4 мингдан ортиқ суд мажлислари видеоконференция тарзида ўтказилган бўлиб, унинг натижасида хўжалик юритувчи субъектларининг 2 миллиардга яқин маблағи тежалди.

Хўжалик судлари фаолиятида суд мажлисларига аудио ва видео қайд этиш механизмларининг жорий этилиши ва қабул қилинган суд қарорларининг Интернет тармоғидаги веб-сайтда жойлаштирилиши суд жараёнларида шаффофлик ва холисликнинг ошишига, уларнинг янада такомиллашувига хизмат қилади.

Фармон қоидаларини амалда рўёбга чиқариш мақсадида тадбиркорлик фаолиятини жадал ривожлантириш, хусусий мулкчиликни ҳар томонлама ҳимоя қилиш ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатдан яхшилаш борасида бешта энг устувор соҳа бўйича 42 та аниқ чора-тадбир амалга оширилишини назарда тутувчи Комплекс чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.

Мазкур Комплекс чора-тадбирлар доирасида божхона ишини такомиллаштириш, солиқ маъмурчилиги сифати ва самарадорлигини янада яхшилаш, республиканинг экспорт салоҳияти ўсишини, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни фаол жалб этишни ва маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг ташқи бозорда рақобатбардошлигини оширишни рағбатлантирадиган валютани тартибга солишнинг ва валюталар курси сиёсатининг илғор бозор механизмларини жорий этиш бўйича аниқ таклифлар ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ишлаб чиқилади.

Шундай қилиб, мазкур Фармон мамлакатимиз танлаган йўлнинг бардавомлиги ва изчиллигини таъминлаш, иқтисодиётнинг барқарор ривожланишининг асосий омили ҳисобланган тадбиркорлик фаолияти ривожига тўсиқ бўладиган барча сунъий ғов ва расмиятчиликларни батамом бартараф этишга хизмат қилади.

Манба: Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги

Поделиться