Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Округ сайлов комиссиялари: вазифалар белгилаб олинди

2016-09-27 | Сайлов

Мамлакатимизда муҳим сиёсий жараён – Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига пухта ҳозирлик кўрилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 14 округ сайлов комиссияларида дастлабки мажлислар ўтказилиб, вазифалар белгилаб олинди.

Сайловнинг умумэътироф этилган халқаро демократик стандартлар ва сайлов тўғрисидаги миллий қонунчиликка қатъий риоя қилинган ҳолда ўтказилишида округ сайлов комиссиялари алоҳида ўрин тутади. Шу боис қонунга мувофиқ округ сайлов комиссияларига аъзоликка номзодлар дастлаб Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари мажлисларида атрофлича муҳокама қилиниб, комиссиялар жамоатчилик ўртасида катта обрў-эътиборга сазовор юртдошларимиздан иборат таркибда шакллантирилди. 

– Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлгани сингари Қорақалпоғистон Республикасида ҳам Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови кампанияси қизғин паллага кирмоқда, – дейди 1-Қорақалпоғистон округ сайлов комиссияси раиси У.Жалменов. – Округ сайлов комиссияси фаолиятини олиб бориши учун барча шарт-шароит яратиб берилди. Янги қурилган Ёшлар марказида ажратилган хоналар зарур техника воситалари билан тўлиқ таъминланган, комиссия аъзоларининг навбатчилиги ташкил этилиб, иш бошлаб юборилди. 

– Округ сайлов комиссиясининг биринчи мажлисида сайловчиларни сайлов кампаниясининг барча босқичлари хусусида мунтазам хабардор қилиб бориш, марказий ва вилоят оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликни кучайтириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди, – дейди 2-Андижон округ сайлов комиссияси раиси О.Мирзаев. – Округ сайлов комиссияси қарори билан Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ёритиш бўйича Андижон вилояти матбуот маркази ташкил этилди. Марказнинг асосий вазифаларидан бири оммавий ахборот воситалари вакилларининг сайлов кампанияси жараёнлари билан боғлиқ маълумотлардан фойдаланиши учун кенг имкониятлар яратишдан иборатдир. 

– Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2016 йил 23 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи округ сайлов комиссияларининг шахсий таркибини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ 7-Самарқанд округ сайлов комиссиясининг биринчи мажлисида кун тартибига қўйилган масалалар атрофлича муҳокама қилинди, – дейди 7-Самарқанд округ сайлов комиссияси раиси Ф.Тошев. – Округ сайлов комиссиясининг аъзолари ўртасида вазифалар тақсимланиб, аниқ режалар белгилаб олинди. Сайлов участкалари тузишни ташкиллаштириш, сайлов комиссиялари бинолар ва бошқа зарур воситалар билан таъминланишини назорат қилиш, оммавий ахборот воситаларида комиссия фаолияти ҳар томонлама ёритилишини амалга ошириш каби қатор вазифаларга алоҳида эътибор қаратилди. 

13-Қашқадарё округ сайлов комиссияси раиси И.Жўраевнинг айтишича, Марказий сайлов комиссиясининг қарори асосида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 13-Қашқадарё сайлов округи тузилган. Комиссиянинг 2016 йил 23 сентябрда қабул қилинган қарорига биноан 13-Қашқадарё округ сайлов комиссиясининг шахсий таркиби тасдиқланиб, маҳаллий матбуотда эълон қилинди. Шунингдек, округ сайлов комиссиясининг дастлабки мажлисида иш режаси ҳам тасдиқланиб, вазифалар тақсимланди. 

14-Тошкент шаҳар округ сайлов комиссияси раиси А.Юнусхўжаев оммавий ахборот воситалари ходимларига округ сайлов комиссияси томонидан ўтказилган биринчи мажлис ва унда қабул қилинган қарорлар ҳақида ахборот берди. Мажлисда, хусусан, сайлов комиссияси аъзоларининг хизмат вазифалари тақсимоти, сайлов участкаларини тузишга тайёргарлик кўриш масалалари кўриб чиқилган. Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги қонунининг жойлардаги ижросини назорат қилиш ва сайлов участкаларига амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида округ сайлов комиссияси аъзолари туманларга бириктирилди. 

Округ сайлов комиссияларининг мажлисларида очиқлик ва ошкораликни таъминлаш муҳим аҳамиятга эга. Шу мақсадда ҳар бир округда оммавий ахборот воситалари ходимлари учун брифинглар ташкил этилиб, сайлов жараёнларининг бориши хусусида хабардор этиб борилмоқда. 

Мухтасар айтганда, мамлакатимизнинг барча ҳудудида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича асосий тадбирлар дастурига мувофиқ тайёргарлик ишлари қизғин давом этмоқда. 

Манба: ЎзА

Поделиться