Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Истиқболдаги устувор вазифалар муҳокама қилинди
2016-09-20 | Сиёсат
Ўзбекистон Президенти вазифасини бажарувчи, Республика Бош вазири Шавкат Мирзиёев жойларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, саноат ва ижтимоий соҳаларда амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар билан яқиндан танишиш мақсадида шу йилнинг 20 сентябрь куни Ангрен шаҳрига ташриф буюрди.
Мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримов ташаббуси билан чет эл инвестицияларини кенг жалб қилиш мақсадида 2012 йилда ташкил этилган «Ангрен» махсус индустриал зонасида кенг кўламли ишлар, жумладан, 11 йирик инвестиция лойиҳаси амалга оширилди. Жорий йилнинг охирига қадар яна 7 ишлаб чиқариш қувватини фойдаланишга топшириш режалаштирилган.
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг 2015 йил 28 августдаги қарорига мувофиқ ҳаётга татбиқ этилаётган «Ангрен» махсус индустриал зонаси ҳудудида конвейер ленталари, қишлоқ хўжалиги техникаси ва автомобиль шиналари ишлаб чиқаришни ташкил этиш» лойиҳасининг амалга оширилиш жараёни билан танишди. Бу ерда йилига 100 минг погон метр конвейер лентаси, қишлоқ хўжалиги техникаси учун 200 мингта шина, 3 миллион дона автомобиль шинаси ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш кўзда тутилган. Мазкур йирик саноат корхонаси мустақиллигимизнинг 26 йиллиги арафасида ишга туширилиши қайд этилди.
Ушбу лойиҳанинг амалга оширилиши 1 минг 200 иш ўрни ташкил этиш имконини беради.
Шу куни Шавкат Мирзиёев Ангрен ИЭСда 2016 йилнинг август ойида ишга туширилган янги энергия блокини кўздан кечирди. Замонавий технологиянинг жорий этилиши натижасида йилига 1 миллион тонна кўмирдан самарали фойдаланишга эришилади ва бу орқали 840 миллион кВт/соат электр энергияси ва 423 минг гигакалория иссиқлик энергияси ишлаб чиқарилади. Янги энергия блокининг ишга туширилиши ёқилғи сарфини камайтириш, атмосферага газ чиқиндилари чиқишини сезиларли равишда қисқартиришни таъминлайди.
Шавкат Мирзиёев «Ўзбеккўмир» акциядорлик жамияти фаолияти, Ангрен кўмир конида ёқилғи қазиб олиш ва етказиб бериш ишлари, бу ерда амалга оширилаётган техник қайта жиҳозлаш жараёни билан ҳам танишди.
Жорий йил бошидан буён конларни қазиш ишлари ҳажми 15,4 миллион куб метрдан ошди, 2,6 миллион тонна кўмир қазиб олинди. 2016 йилнинг охиригача кўмир қазиш ҳажмини 3,7 миллион тоннага етказиш режалаштирилган.
Танишув жараёнида мазкур саноат корхоналари учун ўрта махсус ва олий таълим муассасаларида юқори малакали кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, мутахассисларнинг етакчи хорижий компанияларда малака оширишини ташкил этиш масалалари ҳам кўриб чиқилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев Ангрен шаҳрида амалга оширилаётган ободонлаштириш, уй-жой ва ижтимоий соҳа объектларини куз-қиш мавсумига тайёрлаш ишлари билан танишди. Хусусан, мактабгача таълим муассасаси, деҳқон бозорини бориб кўрди.
Учрашувларда аҳоли учун қулай яшаш шароитларини, ижтимоий инфратузилмани янада такомиллаштириш, коммунал хизматларни яхшилаш, ҳудудларни ободонлаштириш, замонавий истироҳат ва дам олиш боғларини барпо этиш лойиҳаларини амалга оширишга доир долзарб масалалар муҳокама қилинди.
Ангрен шаҳри раҳбарлари ва фаоллари иштирокида ўтказилган йиғилишда Тошкент вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш соҳасида йирик лойиҳаларни бошлаб берган Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг фаолияти, улкан хизматлари алоҳида таъкидланди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 9 сентябрдаги «2016-2018 йилларда Тошкент вилояти шаҳарлари ва туманларини комплекс ривожлантириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида»ги қарори пойтахт вилоятини ҳар томонлама ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этиши алоҳида қайд этилди.
Танқидий руҳда ўтган йиғилишда Ангрен шаҳри ижтимоий инфратузилмасини модернизациялаш масалалари таҳлил этилди. Шаҳар ҳокими, тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарларига мавжуд камчиликларни бартараф этишга доир кўрсатмалар берилди.
Шавкат Мирзиёев Тошкент вилоятига ташрифи давомида пахта ҳосилини йиғиб-териб олиш ва кузги экин ишларининг бориши билан ҳам танишди. Фермерлар, соҳа ходимлари билан учрашув чоғида қишлоқ хўжалиги ишларини қисқа муддатда уюшқоқлик билан ўтказиш масаласи атрофлича муҳокама этилиб, тегишли топшириқ ва тавсиялар берилди.
Манба: ЎзА