Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Тошкентда АКТ Саммити бўлиб ўтди
2016-09-20 | Технологиялар
Бугун 20 сентябрь куни Тошкентда ахборот-коммуникация технологиялари ҳафталигининг муҳим тадбирларидан бири АКТ Саммити бўлиб ўтди.
Унда Халқаро электралоқа иттифоқи, Жанубий Корея, Хитой, Франция, Россия, Озарбайжон, Украинадан делегатлар, халқаро ташкилотлар, етакчи ИТ компаниялари вакиллари иштирок этмоқда.
Ўзбекистонда АКТни ривожлантириш бўйича Саммит 2003 йилдан бошлаб мунтазам ўтказиб келинмоқда. Ҳар йили Саммит ахборот технологиялари соҳасини ривожлантиришнинг долзарб масалалари бўйича ютуқларни ва юзага келаётган муаммоларни муҳокама қилишга манфаатдор бўлган мамлакатимиз ИТ бозори, яқин ва узоқ хориж мамлакатларининг илғор мутахассисларини тўплайди.
АКТ Саммити дастури давлат органларида ва иқтисодиётнинг реал секторида ахборот тизимлари ва ресурсларини жорий қилишга бағишланган масалаларнинг кенг доирасини қамраб олган.
Саммит доирасида АКТни ривожлантириш ҳолати ва истиқболлари, электрон тижоратни ривожлантириш истиқболлари, Ўзбекистонда солиққа тортиш соҳасида замонавий ахборот технологияларини қўллаш, инвестиция ва инновациялар учун АКТ муҳитини яратиш, давлат бошқарувига рақамли технологияларни жорий этишнинг таъсири, кенг полосали уланишни ривожлантиришда инновацион хизматларнинг роли, ахборот технологиялари бўйича таълимда инвестицияларнинг муҳимлиги ва бошқа шу каби масалалар кўриб чиқилди.
Мазкур Саммит доирасида бўлиб ўтган учрашув ва мулоқотлар республикамизда АКТ соҳасини янада ривожлантиришга, тадбир иштирокчилари ўртасида кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтиришга имконият яратади.
Саммитнинг ташкилотчилари: Ўзбекистон ахборот технологиялари Ассоциацияси ҳамда “ICTNEWS conferences”, ҳомийси: “Huawei Tech Investment Tashkent”, шунингдек, техник хамкор “Ўзбектелеком” компанияси, ахборот ҳамкори UzreportTV телеканали.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги