Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
“АКТ саммити – 2016”: замонавий технологиялар самарадорлиги йўлида
2016-09-20 | Технологиялар
Пойтахтимизда “АКТ саммити – 2016” бўлиб ўтди. Унда мамлакатимизда мазкур соҳани ривожлантиришнинг бугунги ҳолати ва соҳа олдида турган стратегик вазифалар муҳокама қилинди.
Саммитда давлат бошқаруви органлари мутасадди ходимлари, халқаро экспертлар ва таҳлилчилар, мамлакатимиз ва хорижий ахборот-технологиялари компанияларининг вакиллари иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирининг биринчи ўринбосари А.Файзуллаев ва бошқалар ахборот-коммуникация тенологияларини янада ривожлантириш ҳамда улардан фойдаланишни кенгайтириш юртимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг устувор йўналишларидан бири эканини таъкидлади. Истиқлол йилларида мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримов раҳнамолигида ишлаб чиқилган дастурий ҳужжатлар мазкур соҳани такомиллаштиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.
– Ахборот-коммуникация технологияларини Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида жорий қилиш, аввало, фуқароларга қулайлик яратиш, аҳоли фаровонлигини юксалтириш, давлат органлари фаолиятининг очиқ ва ошкоралигини таъминлашга йўналтирилган, – дейди БМТнинг мамлакатимиздаги доимий мувофиқлаштирувчиси, БМТ Тараққиёт дастурининг доимий вакили Стефан Приснер. – Ўзбекистоннинг халқаро рейтингларда эгаллаб турган ўрни юксалиб бораётгани ҳам бу борадаги ишлар самарадорлигини ифодалайди. Масалан, БМТнинг “электрон ҳукумат” тизимини ривожлантириш даражаси бўйича шарҳида Ўзбекистон 20 поғонага кўтарилиб, 193 давлат орасида 80-ўринни эгаллади. Иккинчи асосий кўрсаткич – электрон иштирок позицияси бўйича мамлакатингиз 24 поғонага кўтарилиб, 47-ўринни эгаллади.
Тадбирда ҳозирги кунда Ўзбекистон дунёда “электрон ҳукумат” тизимини изчил ривожлантираётган ўн мамлакат қаторига қўшилгани таъкидланди. Самарали ахборот-коммуникация технологиялари инфратузилмасини, хусусан, ахборот тизимлари ва маълумотлар базалари мажмуаларини яратиш соҳани янада такомиллаштиришда муҳим ўрин тутмоқда. Айни пайтда қатор ана шундай мажмуалар фойдаланишга топширилди. Магистрал, ҳудудий ва станциялараро алоқа турлари оптик-толали линиялар орқали таъминланмоқда. Маълумотлар узатиш магистрал тармоғининг модернизация қилиниши ахборотнинг халқаро йўналиш бўйича ўтиш тезлигини 10, вилоят марказларигача 4 ва туман марказларигача 10 баробар ошириш имконини берди.
Саммитда ахборот хавфсизлигини таъминлаш масалалари кўриб чиқилиб, ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида бизнес юритиш истиқболлари, рақамли технологияларни ривожлантириш бўйича жаҳонда кузатилаётган тенденциялар муҳокама этилди.
– Саммитда учинчи маротаба иштирок этаяпман, – дейди Хитой Халқ Республикасининг “Huawei Technologies Co.Ltd” компанияси бизнес консалтинги ва тармоқларни ривожлантириш президенти Пол Сканлан. – Ушбу тадбир Ўзбекистонда ахборот-коммуникация технологияларининг бугунги ҳолати ва уни ривожлантириш истиқболлари, соҳани янада ривожлантиришнинг долзарб вазифалари ва тенденциялари билан батафсил танишиш имконини беради.
Саммитда ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантиришнинг долзарб масалалари, янги алоқалар ўрнатиш ва ишбилармонлик муносабатларини йўлга қўйиш бўйича фикр алмашилди.
Манба: ЎзА