Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Юздан ортиқ корхонага озон қатламини емирувчи моддаларни камайтирадиган ускуна ўрнатилди

2016-09-19 | Экология

Пойтахтимиздаги “Toshkentland” истироҳат боғида 16 сентябрь – Халқаро озон қатламини муҳофаза қилиш кунига бағишланган тадбир ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан Глобал экологик жамғармаси ва БМТ Тараққиёт дастурининг «Иқтисодий ўсиш давридаги мамлакатлар ҳудудида гидрохлорфторуглероддан фойдаланишни жадал қисқартиришнинг бирламчи бажарилиши – Ўзбекистон» қўшма лойиҳаси доирасида ташкил этилган тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, профессор-ўқитувчилар, Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари иштирок этди. 

Мамлакатимизда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, ҳайвонот ва ўсимлик оламини ҳимоя қилиш борасида изчил ишлар амалга оширилмоқда. Табиатни муҳофаза қилишга қаратилган мустаҳкам меъёрий-ҳуқуқий база яратилди, узоқ муддатли давлат дастурлари босқичма-босқич ҳаётга татбиқ этилмоқда. 

Давлатимиз ушбу масаланинг долзарблиги, ёш авлод саломатлигига хавф солишини инобатга олиб, 1993 йилда Озон қатламини ҳимоя қилиш тўғрисидаги Вена конвенцияси ва Озон қатламини бузувчи моддаларга доир Монреал протоколига қўшилди. 

Озон туйнугининг катталашиши, ультрабинафша нурларининг инсон саломатлиги, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига салбий таъсирининг олдини олиш мақсадида 2005 йил 11 ноябрда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Озонни бузувчи моддаларни ва таркибида улар мавжуд бўлган маҳсулотларни Ўзбекистон Республикасига олиб киришни ва Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқишни тартибга солишни такомиллаштириш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. 

Натижада мазкур маҳсулотларни импорт ва экспорт қилишни тартибга солиш, ноқонуний олди-сотдига қарши курашиш мақсадида Давлат божхона қўмитаси томонидан қатъий божхона назорати ўрнатилди. Айни пайтда совутиш, ҳаво алмаштириш, маиший хизмат кўрсатишга оид корхона ва тармоқлар мутахассислари, божхона соҳаси ходимларининг экологик билимини доимий ошириб бориш, божхона хизмати масканларига озонни емирувчи моддаларни аниқловчи детекторларни ўрнатишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 

Тадбирдан кўзланган мақсад навқирон авлодга озон қатламининг саломатликка, атроф-муҳитга таъсири, уни ҳимоя қилиш борасида олиб борилаётган чора-тадбирлар ҳақида тушунча беришдан иборат. 

– Мамлакатимизда озонни емирувчи моддаларнинг аҳоли, айниқса, ёшлар саломатлигига хавфини камайтириш борасида изчил ишлар амалга оширилмоқда, – дейди Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси бош бошқармаси бошлиғи Н.Доценко. – Озон қатламига хавф солувчи моддаларни қайта ишловчи бешта марказ иш бошлади. Улар турли саноат, қишлоқ хўжалиги ва маиший техникаларда ишлатиладиган хавфли моддаларни қайта ишлаб, фойдаланишга топширади. Юздан ортиқ корхонага озон қатламини емирувчи моддаларни камайтирадиган ускуна ўрнатилди. 

Тадбирда Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари боғ майдончасига озон қатламини асраб-авайлаш рамзи саналган озон қатламини қурди. 

 

Манба: ЎзА

Поделиться