Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Жорий йилда 371 мактабда қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилди
2016-09-08 | Таълим
Президентимиз Ислом Каримов асос солган ёш авлодга пухта таълим бериш, уларни Ватанимиз, миллий анъана ва қадриятларимизга содиқлик руҳида камол топтириш, муттасил ғамхўрлик кўрсатиш масаласи давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди.
Ана шу эзгу мақсад-муддаолар мамлакатимизда изчиллик билан амалга оширилаётган “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастурида кўзда тутилган вазифаларга ҳамоҳангдир. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигидан маълум қилишларича, таълим муассасалари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида 2016 йилда 371 мактабда қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Шундан 29 умумтаълим маскани янгидан қуриб фойдаланишга топширилган бўлса, 239 мактаб қайтадан реконструкция қилинди, 103 билим маскани капитал таъмирланди.
Давлат дастурига кўра 2016 йил Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан 28 болалар ва ўсмирлар спорт мактабида қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш ҳамда замонавий спорт анжомлари билан жиҳозлашга эътибор қаратилди. 200 дан ортиқ умумтаълим мактабида спорт заллари қурилиб, улар замонавий спорт анжомлари ва ускуналари билан таъминланди.
1 минг 220 умумтаълим мактабини компьютер синфи, интерактив электрон доскалар ва кондиционерлар билан жиҳозлашга эътибор қаратилмоқда. Жорий йилда 286 мактабгача таълим муассасаларини капитал реконструкция қилиш белгиланган бўлиб, уларни мебель, асбоб-ускуналар, ўйинчоқлар ва техник воситалар билан жиҳозлаш бўйича ҳам ишлар олиб борилмоқда.
“Таълимда глобал ҳамкорлик” лойиҳаси доирасида мамлакатимиздаги мактабгача таълим муассасаларида қисқа муддатли гуруҳлар ташкил этилиб, ўқув мебеллари ва ривожлантирувчи таълим материаллари билан таъминланмоқда. Мактабгача таълим масканлари кутубхоналари болалар бадиий адабиётлари билан тўлдирилмоқда. Шунингдек, 3-6 ёшли фарзандлари мактабгача таълим муассасаларига қамраб олинмаган оилаларга шеър ва эртаклар, болаларни мактабга тайёрлашга оид китоблар тўпламлари тарқатилиши кўзда тутилган.
Янги ўқув йилида умумтаълим мактабларининг 4-синфларида ҳам янги давлат таълим стандартлари асосида чет тили фанини ўқитиш йўлга қўйилди. Шу асосда барча синфларда хорижий тилларни ўқитиш жорий этилди. Дарсликлар ва ўқув-методик қўлланмалар чоп этилиб, жойларга етказилди.
Илк маротаба умумтаълим мактабларининг 3-синфларига мўлжалланган “Она тили”, “Ўқиш”, “Математика”, “Табиатшунослик”, “Ўзбек тили”, “Русский язык”, “Книга для чтения” фанлари бўйича ўқитувчилар учун методик қўлланма ва уларнинг мультимедиали иловалари яратилиб, чоп этилди ва жойларга етказилди. Давлат дастури доирасида, шунингдек, умумтаълим мактабларининг кутубхона фондини ўзбек ва чет эл ёзувчиларининг лотин графикаси асосида нашр этилган бадиий адабиётлари, энциклопедиялар билан тўлдириш бўйича кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда.
Ўқувчи-ёшлар билимининг нечоғли мустаҳкамлиги таълим сифатини муттасил юксалтириб боришга боғлиқ. Жорий йилда илк маротаба ўқувчи шахсини ҳар томонлама ривожлантиришга оид халқаро ҳамда мамлакатимиз тажрибасидан келиб чиқиб узлуксиз таълим тизимининг 18 умумтаълим фанлари бўйича давлат таълим стандартлари ва ўқув дастурлари янада такомиллаштирилиб тажриба-синовдан ўтказилди.
Буларнинг барчаси мамлакатимизда ўғил-қизларга пухта билим бериш, улар қалби ва онгида эзгу ғояларни мустаҳкам қарор топтириш, навқирон авлод истиқболи йўлида кўрсатилаётган чексиз меҳр ва эътиборнинг амалдаги яна бир ёрқин намунасидир.
Манба: ЎзА