Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Энергия самарадорлигини ошириш йўлида
2014-12-23 | Технологиялар
Абу Райҳон Беруний номидаги Тошкент давлат техника университетида мамлакатимиз энергетикаси истиқболига бағишланган республика илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтди.
Унда мамлакатимиз ва чет эллик олимлар, Ўзбекистоннинг йирик саноат корхоналари раҳбар ва мутахассислари, манфаатдор вазирлик ва идоралар вакиллари, пойтахтимиздаги олий ўқув юртларининг ўқитувчилари ҳамда иқтидорли талабалари иштирок этди.
Тадбир Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Абу Райҳон Беруний номидаги Тошкент давлат техника университети, Фанлар академиясининг Энергетика ва автоматика институти, "Ўзбекэнерго" давлат акциядорлик компанияси ва "Ўзбекнефтгаз" миллий холдинг компанияси томонидан ташкил этилди.
Саноат корхоналарининг энергия самарадорлигини ошириш, энергия тежайдиган технологияларни жорий этиш ва муқобил энергетикани ривожлантириш муҳим вазифа бўлиб, уларнинг ҳал этилиши Ўзбекистон энергетика тармоғини янада ривожлантиришга хизмат қилиши таъкидланди. Президентимиз Ислом Каримовнинг 2013 йил 1 мартда қабул қилинган "Муқобил энергия манбаларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони соҳани янада ислоҳ этишда муҳим дастуриламал бўлмоқда.
Конференцияда мамлакатимизнинг муқобил энергетика соҳасидаги илм-фан ютуқлари намойиш этилди, олимлар ва турли корхоналар мутахассисларининг бу борадаги ишланмалари кўриб чиқилди, чет эллик ҳамкасблар билан фикр ҳамда тажриба алмашилди.
– Техника тараққиёти илгари қиммат турадиган ва иқтисодий самарасиз деб ҳисобланган муқобил энергия манбаларини фойдаланиш мумкин бўлган ишончли манбага айлантирмоқда, – дейди Энергетика ва автоматика институти бўлим мудири Р.Зоҳидов. – Мамлакатимиз табиий-иқлим ресурсларига бой ва ушбу ресурслар муқобил энергетикани ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади. Юртимизда бир йилда 300 кундан ортиқ қуёш порлаб туради ва бу саноат мақсадида электр энергияси олиш учун қуёш энергиясидан фойдаланиш имконини беради.
Шу муносабат билан Фанлар академиясининг "Физика-Қуёш" илмий ишлаб-чиқариш бирлашмаси фаолияти атрофлича ўрганилди. Бу ерда олиб борилаётган тадқиқотлар натижалари халқаро эътирофга сазовор бўлмоқда. Бирлашмада сув ва иссиқлик таъминоти қурилмаларини яратиш, махсус материаллар ишлаб чиқаришда қуёш энергиясидан фойдаланиш, материал ва конструкцияларга термик ишлов бериш бўйича илмий-тадқиқот ҳамда тажриба-конструкторлик ишлари фаол амалга оширилмоқда.
Конференцияда саноат корхоналарида инновацион технологияларни жорий этишда иқтисодий самарадорликни ошириш, бино ва иншоотларда энергия таъминотини мониторинг қилиш масаласи ҳам кўриб чиқилди.
Манба: ЎзА