Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Терма жамоамиз сафарда ғалаба қозонди
2016-09-07 | Спорт
Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси 2018 йили Россияда бўладиган жаҳон чемпионати Осиё саралаш мусобақаси учинчи босқичининг иккинчи турида Қатар терма жамоаси меҳмони бўлди.
Ушбу босқичда Эрон, Жанубий Корея, Хитой, Қатар ва Сурия миллий терма жамоалари билан “А” гуруҳидан жой олган мамлакатимиз футболчилари дастлабки учрашувда Александр Гейнрихнинг голи эвазига сурияликлар устидан 1:0 ҳисобида ғалаба қозониб, муҳим уч очкони қўлга киритган эди. Эронликлар Қатар терма жамоасини 2:0 ҳисобида енгган бўлса, Жанубий Корея вакиллари хитойликларни 3:2 ҳисобида мағлубиятга учратган.
Мутахассислар Ўзбекистон ва Қатар терма жамоалари ўртасидаги учрашувда футболчиларимизнинг устунлигини тахмин қилган эди.
Бу Доҳа шаҳрида ўтган баҳсда ўз тасдиғини топди. Учрашув бошидан ҳужумкор ўйин намойиш этган футболчиларимиз 1:0 ҳисобида ғалаба қозонди.
Сурия ва Жанубий Корея, Хитой ва Эрон терма жамоалари ўртасидаги учрашувларда ҳисоб очилмади. Шундай қилиб, мамлакатимиз футболчилари “А” гуруҳида икки тур якунлари бўйича пешқадамлик қилмоқда.
Ўзбекистон терма жамоаси 6 октябрь кунига мўлжалланган навбатдаги тур учрашувини ўз майдонида эронлик футболчиларга қарши ўтказади.
Манба: ЎзА