Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Навоийда “Камолот” китоб савдо маркази очилди
2016-09-06 | Жамият
“Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Навоий вилояти кенгаши ташаббуси билан қарийб 300 миллион сўм маблағ эвазига барпо этилган мажмуада 400 дан ортиқ турдаги китоблар сотилмоқда.
Мажмуанинг очилишига бағишланган тадбирда мамлакатимизда аҳоли, айниқса, ёш авлоднинг маънавий эҳтиёжларини қондириш, китобга қизиқишини ошириш, мутолаа маданиятини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.
Марказда ўнга яқин бўлимлар бўлиб, сотувчи ва харидорлар учун барча қулайлик яратилган.
– Биз, ёшларнинг маънавиятимиз ва дунёқарашимизни бойитиш мақсадида мазкур мажмуанинг барпо этилганидан мамнунмиз, – дейди “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати фаоли Баҳодир Абдуллаев. – Энди биз ўзимиз учун зарур бўлган турли адабиётларни шу ердан харид қиламиз. Юртимизда бундай маърифат ва маънавият марказларининг кўпайиши аҳоли, айниқса, ёшларнинг ватанпарварлик, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида камол топишига хизмат қилади.
Тадбирда Навоий вилояти ҳокими Э.Турдимов сўзга чиқди.
Манба: ЎзА