Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Жорий йилда Фарғона вилоятида 27 спорт иншооти барпо этилди
2016-09-06 | Спорт
Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси томонидан Фарғона вилоятида жорий йилнинг ўтган даврида 27 спорт иншооти ва 1 болалар мусиқа ва санъат мактаби барпо этилди.
Мамлакатимизда болалар спортини ривожлантириш, унинг оммавийлигини таъминлашга қаратилаётган эътибор фарзандларимизнинг соғлом ва баркамол улғайиши, уларда Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат ва миллий ғурур туйғуларини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
2003-2015 йилларда Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси томонидан вилоятда 160 спорт иншооти ҳамда 28 болалар мусиқа ва санъат мактаби барпо этилди, мавжудлари тубдан реконструкция қилинди. Бу мақсадлар учун 120 миллиард сўмдан ортиқ маблағ сарфланди.
– Вилоятда манзилли дастур асосида спорт иншоотлари бунёд этишда маҳаллий шароит, ҳудуд ёшларининг қизиқиш ва имкониятлари ҳисобга олинаётгани оммавий спорт турлари ривожланиши, спорт мусобақалари кўлами кенгайишида муҳим аҳамият касб этмоқда, – дейди Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси Фарғона вилояти филиали директори Ғ.Мамажонов. – Натижада халқаро мусобақаларда улкан марраларни забт этаётган спортчи ёшларимиз сафи тобора кенгаймоқда.
Таълим масканларида ўқувчиларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, спорт билан мунтазам шуғулланиши учун барча шароит яратиш ҳамда уларни турли спорт мусобақаларига жалб қилишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Учкўприк туманидаги 14-умумтаълим мактабида замонавий спорт мажмуаси қад ростлаб, ўқувчи-ёшлар ихтиёрига топширилди.
– Барча қулайликларга эга бўлган янги зал 37 хил замонавий спорт жиҳозлари билан таъминланди, – дейди мактаб директори Одинахон Рўзиматова. – Бу ерда ювиниш, тиббиёт, мураббийлар хоналари мавжуд. Янги иншоотнинг бунёд этилиши мактабимизда фаолият кўрсатаётган спорт тўгараклари қаторида бадиий гимнастика, каратэ, бокс машғулотларини йўлга қўйиш имконини беради.
Манба: ЎзА