Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Фарғона туманида янги спорт-техника клуби иш бошлади
2016-09-04 | Спорт
Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти Фарғона тумани кенгашининг янги барпо этилган ўқув спорт-техника клуби фойдаланишга топширилди.
Давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, меҳнат фахрийлари, ёшлар, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этган тадбирда мамлакатимиз Қуролли Кучларини ислоҳ қилиш, соҳага малакали кадрлар етказиб бериш тизимини янада такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган изчил ишлар юксак самаралар бераётгани таъкидланди. Бу ёшларда интизом, қатъият, мардлик, матонат ва масъулият каби фазилатларни юксалтириш, уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда муҳим ўрин тутади. Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти ҳам бўлажак аскарларни армия сафларида хизмат қилишга жисмонан, маънан ва техник тайёрлашга салмоқли ҳисса қўшмоқда.
“Ватанпарвар” ташкилотининг Фарғона вилояти, шаҳар ва туманлар кенгашларида ҳам ҳарбий-техник мутахассислар тайёрлаш, ёшларни Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялаш, спортнинг техник ва амалий турларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Фойдаланишга топширилган ушбу ўқув спорт-техника клуби мустақиллигимизнинг йигирма беш йиллик байрамига муносиб туҳфа бўлди. Клубнинг ўқув хоналари замонавий ўқув-техника воситалари билан жиҳозланган, “В” ва “ВС” тоифадаги ҳайдовчилар тайёрлаш курси фаолияти учун зарур шароит яратилган.
Манба: ЎзА