Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Халқимиз қалбида мангу яшайди
2016-09-04 | Жамият
Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов вафоти муносабати билан Нукус шаҳар Ёшлар марказида мотам маросими бўлиб ўтди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгаши, Шимоли-ғарбий ҳарбий округи, Нукус шаҳар ҳокимлиги, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши, кенг жамоатчилик вакиллари, ёшлар иштирок этди.
– Мустақиллик йилларида Президентимиз раҳнамолигида асрларга татигулик ишлар амалга оширилди, – дейди Хўжайли туманидаги 1-Меҳрибонлик уйи директори Светлана Сон. – Давлатимиз раҳбарининг болаларга меҳри бўлакча эди. Ёш авлод тарбиясига алоҳида аҳамият қаратиб, фарзандларимизнинг ҳар томонлама баркамол улғайиши учун мамлакатимизнинг барча ҳудудларида замонавий шароитлар яратилди. Айниқса, етим болаларнинг бошини силаб, ғамхўрлик кўрсатиб, жамиятда ўз ўрнини топиши учун улкан имкониятлар яратди. Бунинг натижасида кўплаб тарбиячиларимиз турли соҳаларнинг етук мутахассиси бўлиш билан бирга бугунги бунёдкорлик ишларининг фаол иштирокчисига айланди. Ғоят чуқур қайғудамиз.
– Мен эришган барча муваффақиятлар замирида юртимиздаги тинчлик-осойишталик ва биз, ёшлар учун Президентимиз томонидан яратиб берилган кенг имкониятлар мужассам, – дейди Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети магистри А.Пахратдинова. – Биз, ёшлар мустақил Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти ғамхўрлигига муносиб бўламиз, давлатимиз раҳбарининг порлоқ хотирасини ҳеч қачон унутмаймиз, доимо ёдда сақлаймиз.
Бундай тадбирлар Қорақалпоғистон Республикасининг барча шаҳар ва туманларида ўтказилмоқда.
Манба: ЎзА