Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида мотам маросимлари ўтказилмоқда
2016-09-04 | Жамият
Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов вафоти муносабати билан Андижон вилоятининг барча туман ва шаҳарларида мотам тадбирлари ўтказилмоқда.
Эрта тонгдан корхона, ташкилот ва таълим муассасалари вакиллари, ёшлар, умуман, минглаб андижонликлар Андижон шаҳридаги Бобур номидаги майдонга келиб, Юртбошимиз портрети пойига гулчамбарлар қўйди.
Андижон аҳли вилоятдаги бунёдкорлик, халқимиз турмуш фаровонлигини юксалтириш билан боғлиқ барча эзгу ишлар бевосита муҳтарам Президентимиз номи билан боғлиқ эканини яхши билади. Хусусан, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан Асака шаҳрида автомобиль заводи барпо этилди, вилоят, айниқса, Андижон шаҳри қиёфаси тубдан янгиланди, юзлаб замонавий таълим муассасалари, муҳташам спорт иншоотлари, маданият ва мусиқа масканлари, намунавий лойиҳалар асосида 5 мингдан зиёд уй-жой қурилди. Бунинг самарасида вилоят иқтисодиётида саноатнинг улуши тобора ортиб, аҳоли фаровонлиги муттасил юксалмоқда.
Андижон вилояти ҳокимлигида Ислом Каримовнинг ҳаёти ва фаолиятига бағишланган “Хотира хонаси” ташкил этилди. Бу ерда халқимизнинг мустақиллик йилларида Юртбошимиз раҳнамолигида эришган улкан ютуқ ва марраларини акс эттирувчи фотосуратлар, давлатимиз раҳбарининг китоблари ўрин олган. Улкан экран орқали Президентимиз Ислом Каримовнинг Андижон вилоятига ташрифлари ва андижонликлар билан самимий суҳбатлари тасвирланган видеолавҳалар намойиш этилди.
– Президентимиз Ислом Каримов номи Ватанимиз тарихига зарҳал ҳарфлар билан битилади, хотираси халқимиз қалбидан ҳеч қачон ўчмайди, – дейди “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби, ёзувчи Қамчибек Кенжа. – Чунки бу инсон ташаббуси ва раҳбарлигида мустақил тараққиёт йилларида мамлакатимизда асрларга татигулик ишлар амалга оширилди. Халқимизнинг турмуш фаровонлиги тубдан юксалди.
Вилоят марказидаги Бобур номидаги майдонда, туман ва шаҳарлар марказларида ўтказилган мотам маросимларида ўн минглаб юртдошларимиз Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов хотирасига эҳтиром кўрсатди.
Манба: ЎзА