Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Футболчиларимизнинг ишончли ғалабаси
2016-09-01 | Спорт
Ўзбекистон миллий терма жамоаси 2018 йили Россияда бўладиган жаҳон чемпионати Осиё саралаш мусобақаси учинчи босқичи дастлабки учрашувида Сурия футболчилари устидан 1:0 ҳисобида ғалаба қозонди.
Халқаро футбол уюшмалари федерацияси (ФИФА) томонидан Осиё давлатлари учун 2018 йилги жаҳон чемпионатига 4,5 йўлланма ажратилган. Осиё саралаш мусобақасининг учинчи босқичида қитъамизнинг энг кучли ўн икки терма жамоаси икки гуруҳга бўлинган ҳолда ана шу йўлланмалар учун рақобатлашмоқда. Қоидага кўра, ҳар бир гуруҳдан кучли икки терма жамоа жаҳон чемпионатига тўғридан-тўғри йўлланма олади. Учинчи ўрин соҳиблари эса дастлаб ўзаро куч синашади. Икки ўйин натижасига кўра ғолиб чиққан терма жамоа қитъалараро плей-офф учрашувида қатнашади.
Бу босқичда Ўзбекистон миллий терма жамоаси Эрон, Жанубий Корея, Хитой, Қатар ва Сурия миллий терма жамоалари билан «А» гуруҳидан жой олган.
«Бунёдкор» стадионида ўтказилган гуруҳнинг илк учрашувида футболчиларимиз сурияликларни 1:0 ҳисобида мағлубиятга учратиб, дастлабки уч очкони қўлга киритди. Терма жамоамизга ғалаба келтирган голга Александр Гейнрих муаллифлик қилди.
Гуруҳдаги Жанубий Корея ва Хитой терма жамоалари ўртасидаги баҳсда 3:2 ҳисоби қайд этилди.
Ўзбекистон терма жамоаси 6 сентябрь куни ўтадиган навбатдаги ўйинда қатарлик футболчилар меҳмони бўлади.
Манба: ЎзА