Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Кристофер Аллан: “Ўзбекистонда ислоҳотлар юксак самаралар бермоқда”
2016-08-24 | Сиёсат
Буюк Британия Ўзбекистоннинг муҳим савдо-иқтисодий ҳамкорларидан бири. Мамлакатларимиз ўртасида имзоланган қатор ҳужжатлар, жумладан, даромадларнинг икки томонлама солиққа тортилишига йўл қўймаслик, даромад ва капитал солиқларини тўлашдан бош тортишнинг олдини олиш, инвестицияларни ўзаро рағбатлантириш ҳамда ҳимоя қилиш, иқтисодиёт, таълим, илм-фан ва маданият, ҳаво транспорти, сайёҳлик соҳаларига оид битимлар ўзаро ҳамкорликни кенгайтиришда муҳим асос бўлиб хизмат қилмоқда. Ўзбекистон билан Буюк Британия ўртасидаги мулоқот ўзаро англашув ва манфаатдорликка асосланган бўлиб, бу турли соҳалардаги муносабатларни изчил ривожлантириш имконини бермоқда.
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 25 йиллиги арафасида ЎзА мухбири Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллигининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Кристофер Аллан билан суҳбатлашди.
– Суҳбатимиз Ўзбекистон мустақиллигининг 25 йиллиги арафасида ўтмоқда. Мамлакатимизда мустақиллик йилларида турли соҳалар, хусусан, иқтисодиётда амалга оширилаётган ислоҳотлар самаралари ҳақидаги фикрларингизни билдирсангиз.
– Ўзбекистон улкан иқтисодий салоҳиятга эга бўлиб, инвестициявий лойиҳаларни самарали амалга оширмоқда. Автомобилсозлик, қишлоқ хўжалиги техникасини ишлаб чиқариш, биотехнология ва фармацевтика саноати ва бошқа соҳалар истиқлол йилларида жадал ривожланди. Жаҳон банкининг бизнес юритиш учун қулай шароитлар яратиш рейтингида Ўзбекистон 2005 йилдаги 105-ўриндан 2016 йилда 87-ўринга кўтарилди. Бунга янги бизнес очиш, мулкни рўйхатдан ўтказиш, кредит олиш ва бошқа жараёнлар йўлидаги тўсиқлар бартараф этилгани самарасида эришилди. Муҳими, мамлакатингизда бизнес муҳитини яхшилаш борасидаги ислоҳотлар изчил давом эттирилмоқда. Мустақиллик йилларида «Навоий» эркин индустриал-иқтисодий зонаси, Ангрен ва Жиззах махсус индустриал зоналари ташкил этилгани, шунингдек, ишлаб чиқаришни диверсификация ва модернизация қилишга эътибор қаратилаётгани Ўзбекистон иқтисодиётини янада барқарор ривожлантиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилаётир. Корпоратив бошқарувнинг такомиллашиб бораётгани, тадбиркорлар учун онлайн режимида «Бир дарча» тизимининг жорий этилгани ҳамда хусусийлаштириш дастурининг муваффақиятли амалга оширилаётгани ҳам бу борада муҳим ўрин тутмоқда.
– Ўзбекистон мустақилликнинг дастлабки йилларидан Буюк Британия билан ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор бермоқда. Сизнинг фикрингизча, ўзаро муносабатларнинг қайси йўналишлари устувор ҳисобланади?
– Буюк Британия Ўзбекистон билан ҳамкорликни изчил ривожлантиришдан манфаатдор. Бугун муносабатларимиз кўплаб соҳалар, жумладан, сиёсат, тадбиркорлик, хавфсизлик, таълим, маданият соҳаларини қамраб олган. Биз хавфсизлик, хусусан, Афғонистон масаласи, бошқа қатор умумминтақавий муаммолар бўйича ҳамкорликни кучайтирмоқдамиз. Уюшган жиноятчилик, наркотик моддаларнинг ноқонуний айланиши ва одам савдосига қарши курашишда биргаликда иш олиб бормоқдамиз. Ўзбекистон парламенти, Марказий сайлов комиссияси, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ билан мунтазам ахборот алмашинмоқда, бошқарув тизими ва универсал қадриятлар борасида ҳаётга татбиқ этилаётган ислоҳотлар қўллаб-қувватланмоқда. Савдо ва саноат бўйича Ўзбекистон – Буюк Британия кенгаши орқали мамлакатингиз билан савдо-иқтисодий ва инвестиция муносабатлари соҳасидаги ҳамкорлик мустаҳкамланмоқда.
– 2016 йил Ўзбекистонда Соғлом она ва бола йили, деб эълон қилинган. Президентимизнинг ушбу ташаббуси ва бу борада амалга оширилаётган ишлар хусусида ҳам фикрингизни билдирсангиз.
– Мустақиллик йилларида Ўзбекистон болалар ўлимини камайтириш ва оналар саломатлигини яхшилаш бўйича БМТнинг Мингйиллик ривожланиш мақсадларига эришди ҳамда соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантиришни давом эттирмоқда. «Соғлом она ва бола йили» Давлат дастурида оналик ва болаликни нафақат тиббий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ҳамда муҳофаза қилишни кучайтириш, балки ёш аёллар ва қизлар ўртасида оммавий спорт тадбирларини кўпайтиришга алоҳида аҳамият берилаётгани эътиборга молик. Шу билан бирга, дастурда хотин-қизларнинг жамият ҳаётидаги иштирокини фаоллаштириш, уларнинг касб малакасини ошириш учун имкониятларни кенгайтириш чора-тадбирлари ҳам кўзда тутилган. Хотин-қизларга қаратилаётган бундай эътибор иқтисодиёт ва жамиятни ривожлантиришга кўмаклашади. Ўзбекистон бу борада тўғри йўл танлагани ва истиқболини аниқ белгилаб олганига ишончимиз комил.
– Ўзбекистон ёшларининг интеллектуал салоҳияти, турли соҳаларда эришаётган ютуқлари ҳақида нима дея оласиз?
– Ўзбекистондаги фаолиятим давомида мамлакатингиз ёшлари катта салоҳиятга эга эканига ишонч ҳосил қилдим. Ўзбекистон йигит-қизлари билимдон, ташаббускор, дунёда рўй бераётган воқеалардан хабардор. Уларга ўзи қизиққан иш, жумладан, тадбиркорлик билан шуғулланиш учун барча шароит яратилган. Мамлакатингиз аҳолисининг қарийб 70 фоизини ёши 30 гача бўлган йигит-қизлар ташкил қилади ва бу катта салоҳият демакдир. Масалан, жорий йилда Ўзбекистон олий ўқув юртларига ўқишга кириш учун ҳар қачонгидан кўп ҳужжат топширилди. Бу ҳам ўзбекистонлик ёшлар чуқур билим олишга чанқоқлигидан далолат беради. Чет тилларни ўрганишга катта эътибор берилаётгани самарасида инглиз тилини яхши биладиган талабалар йил сайин кўпайиб бормоқда. Буларнинг барчаси Ўзбекистон ёшларининг билим даражаси ва салоҳияти юқорилигини кўрсатмоқда.
– Ўзбекистон халқига байрам тилакларингиз...
– Ўзбекистон халқини мустақилликнинг 25 йиллиги ва шу йиллар давомида эришилган муваффақиятлар билан қутлайман. Мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликнинг изчил суръати билан фахрлансак арзийди. Бу муносабатлар янада ривожланишига ишонаман.
Манба: ЎзА