Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ахборот-ресурс марказлари раҳбар ходимлари учун семинар
2016-08-24 | Технологиялар
Навоийда баркамол авлодни тарбиялашда ахборот-кутубхона муассасаларининг роли ва улар олдида турган долзарб вазифаларга бағишланган ўқув-амалий семинар ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ва Абдулла Қодирий номидаги Навоий вилояти ахборот-кутубхона маркази ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда вилоятдаги ахборот-ресурс марказлари раҳбарлари, жамоатчилик вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Президентимиз раҳнамолигида ахборот ва сўз эркинлигини таъминлаш, аҳоли эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда алоқа ва ахборотлаштириш соҳасини ривожлантириш, ахборот-кутубхона марказлари самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунда давлатимиз раҳбарининг 2006 йил 20 июндаги “Республика аҳолисини ахборот-кутубхона билан таъминлашни ташкил этиш тўғрисида”ги қарори муҳим аҳамият касб этаётир.
– Бугунги глобаллашув даврида аҳоли, айниқса, ёшларни холис ва ҳаққоний ахборот билан таъминлаш муҳим аҳамиятга эга, – дейди Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳузуридаги ахборот хавфсизлигини таъминлаш маркази бош мутахассиси Фахриддин Солиев. – Ахборот асрида интернет тармоғи энг тезкор манбага айланди. Аммо бу маконда аниқ ва ёлғон маълумотлар аралашиб кетган. Бинобарин, аҳолини нотўғри маълумотлардан асраш мақсадида ахборот хавфсизлигини кучайтириш зарур. Ахборот олувчиларда мустаҳкам иммунитетни шакллантириш, айниқса, ёшларда интернет маданиятини юксалтириш виртуал майдонда ўз қараши ва мустақил фикрини намоён этишга хизмат қилади.
Семинарда замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан самарали фойдаланиш, “оммавий маданият” таъсирини бартараф этиш мавзуларида маърузалар тингланди. Ёшларнинг мафкуравий иммунитетини мустаҳкамлаш мақсадида таълим муассасаларидаги ахборот-ресурс марказларида ҳафтанинг чоршанба кунини “Ахборот маданияти куни”, деб аташ ва турли тарғибот тадбирлари ташкил этиш хусусида фикр алмашилди.
Манба: ЎзА