Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ватанпарварлик – ёшларимиз ҳаётининг узвий қисмига айланган
2016-08-23 | Жамият
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги академиясида Ватанимиз мустақиллигининг 25 йиллигига бағишлаб “Замонавий шароитда ватанпарварлик тарбиясини янада юксалтиришнинг долзарб масалалари” мавзуида илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.
Президентимиз таъкидлаганидек, фарзандларимиз ота-боболаридан мерос бўлиб қолган ўз юртини, туғилган тупроғини муқаддас деб билиши, унинг эртанги ёруғ куни учун бутун борлиғини бағишлашга, керак бўлса, жонини фидо қилишга тайёр бўлиши – буларнинг барчаси бугун ҳал қилувчи кучга айланиб бораётган ёшларимиз ҳаётининг узвий бир қисмига айлангани ҳаммамизга ишонч ва куч-қувват бағишлайди.
Бу муқаддас туйғу ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларда хизмат қилаётган, шу мақсадда таълим олаётган ёшларда янада кучлироқ бўлиши зарур. Чунки уларнинг зиммасига юртимиз тинчлиги, халқимиз осойишталигини сақлашдек улкан ва шарафли масъулият юкланган.
Анжуманда Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг ўринбосари А.Мирзаев ва бошқалар мамлакатимизда Президентимиз раҳнамолигида кадрлар тайёрлаш борасида ўзига хос тизим яратилгани етук мутахассислар тайёрлашда муҳим омил бўлаётганини таъкидлади.
Ички ишлар тизимида малакали мутахассислар тайёрлаш, шахсий таркибни маънавий жиҳатдан тарбиялаш, ходимларнинг дунёқарашини юксалтиришга доимий эътибор қаратилмоқда. Зеро, бугунги кун соҳа ходимларидан юксак профессионализм, хушмуомалалик, одамлар орасига кириб бориш, ёшлар қалбига йўл топа билишдек фазилатларни янада юксалтиришни тақозо этаётир. Ана шу руҳда таълим-тарбия олган соҳа ходимлари нафақат жиноятчиликка қарши курашиш, балки аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, вояга етмаганларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш каби жамоатчилик ишларида ҳам фаол иштирок этмоқда.
Тадбирда ходимларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини янада ошириш борасида фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Манба: ЎзА