Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Мамлакатимизда 20 август куни эрта тонгдан умумхалқ хайрия ҳашари бошланди
2016-08-21 | Жамият
Ватанимиз мустақиллигининг 25 йиллик байрами олдидан “Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!” шиори остида мамлакатимиз бўйлаб ободонлаштириш ва тозалик ойлиги давом этмоқда.
Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида мустақиллик йилларида қадимий анъана ва қадриятларимиз янгича маъно ва мазмун билан бойиди. “Ободлик кўнгилдан бошланади”, деган ҳикмат халқимиз орасида кенг тарқалиб, эзгу даъватга айланди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 10 августдаги фармойиши асосида ташкил этилган умумхалқ хайрия ҳашарида халқимизнинг бағрикенглик, ҳамжиҳатлик, инсонпарварлик, ўзаро ҳурмат, поклик ва озодаликни сақлаш каби олижаноб фазилатлари яна бир бор намоён бўлмоқда.
20-21 август – ҳашар кунлари ҳудудлардаги турар жой даҳалари ва маҳаллаларда гул кўчатлари экиг, дарахтларни буталаш, кўчалар, йўлакларни тартибга келтириш, қурилиш ва маиший чиқиндиларни белгиланган жойга олиб чиқиш, аҳоли яшаш пунктлари, кўп қаватли бино ва ҳовлилар атрофи, гузар, хиёбон, зиёратгоҳлар, қабристонлар, ариқ ва лотокларни, шунингдек, болалар майдончаларини тартибга келтириш ишлари бажарилади.
Манба: ЎзА