Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистонда давлат архивлари сиғими 2 миллион 500 минг сақлов бирлигига ортган
2016-08-19 | Жамият
Пойтахтимизда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Ўзархив” агентлиги томонидан маданий меросни сақлашда архив, музей ва кутубхоналарнинг ўзаро ҳамкорлиги масалаларига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.
Агентлик бош директори ўринбосари Д.Кўчарова ва бошқалар Ўзбекистон Республикасининг “Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида”ги қонунига мувофиқ, муҳофаза этиладиган тарихий, илмий, бадиий ёки ўзгача маданий қимматга эга маданий ёдгорликлар таркибига кирувчи картография, фотография материаллари, кинофильмлар, аудио ва видео ёзувлар, архив, қўлёзма ва чизма ҳужжатларни архив муассасаларида тизимли асосда жамлаш, ҳисобини олиб бориш, сақлаш ҳамда фойдаланишни ташкил этиш масалалари, бу борада архив, музей ва кутубхоналарнинг ўзаро ҳамкорлиги хусусида сўз юритди.
“Ўзархив” агентлигининг юздан зиёд давлат архивида 37 минг 700 дан ортиқ фонд мавжуд, улар таркибида 12 миллион 600 минг сақлов бирлигида архив ҳужжатлари жамланган.
Маданий меросни сақлаш ва улардан фойдаланишда қулайликлар яратиш мақсадида мамлакатимизда 22 янги давлат архиви биноси қурилган, 5 давлат архиви биноси тўлиқ реконструкциядан чиқарилган. Натижада давлат архивлари сиғимдорлиги 2 миллион 500 минг сақлов бирлигига ортган.
Алоҳида қимматли ҳужжатларнинг электрон нусхаларини яратиш ишлари давом этмоқда. Ҳозирга қадар давлат архивларидаги алоҳида қимматли ҳужжатларни электронлаштириш даражаси 35 фоизга етган.
Хорижий мамлакатлардан 9 кино, 2 минг 500 дан зиёд тарихий, илмий, сиёсий, маданий ҳужжатнинг нусхалари олиб келинган.
Жорий йилда Агентлик томонидан Ўзбекистон Республикаси Марказий давлат архиви сақловида бўлган 1200 дан ортиқ алоҳида қимматли ҳужжатни ЮНЕСКО Умумжаҳон маданий мероси рўйхатига киритиш устида иш олиб борилмоқда.
Тадбирда журналистларнинг саволларига мутахассислар жавоб қайтарди.
Манба: ЎзА