Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Мамлакатимизда жорий йилда 484 миллиард сўмлик чармпойабзал маҳсулотлари ишлаб чиқарилади
2016-08-19 | Иқтисодиёт
Миллий матбуот марказида “Ўзбекчармпойабзали” уюшмаси томонидан мамлакатимизда чармпойабзал соҳасини ривожлантириш юзасидан амалга оширилган ишлар ва уларнинг самараларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
“Ўзбекчармпойабзали” уюшмаси бошқаруви раиси ўринбосари Ш.Шералиев ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида чармпойабзал, чарм-атторлик маҳсулотларини ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирлар истиқлол йилларида мамлакатимизда хомашё ресурсларини чуқур қайта ишлашга йўналтирилган мазкур саноат тармоғининг изчил ривожланишида муҳим омил бўлаётганини таъкидлади.
Бугунги кунда мамлакатимизда қарийб 770 ишлаб чиқариш корхонаси ушбу йўналишда фаолият кўрсатмоқда. Улар томонидан тери хомашёси қайта ишланиб, қўшимча қийматга эга пойабзал ва уларнинг тагликлари, чарм-атторлик маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда.
2000 йилда 8 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткични 484 миллиард сўмга етказиш кўзда тутилган. 2000 йилда йиллик пойабзал ишлаб чиқариш ҳажми бир миллион беш минг жуфтни ташкил қилган бўлса, жорий йилда мамлакатимиз ишлаб чиқарувчилари ушбу рақамни 8 миллион 800 минг жуфтга етказишни режалаштирган.
Ҳар йили соҳа корхоналари томонидан 500 дан ортиқ пойабзал, 100 дан зиёд чарм-атторлик, 50 га яқин янги моделдаги чарм маҳсулотлари яратилиб, ишлаб чиқаришга жорий қилинмоқда.
Маҳаллийлаштириш дастури доирасида саноат корхоналари ҳамда таълим муассасалари билан ҳамкорликда соҳага импорт қилинаётган саксон турдан зиёд хомашё, материал ҳамда тайёр маҳсулотлар маҳаллий хомашё ҳисобига ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилди. Бу йилига 34-40 миллион долларлик маблағни тежаб қолиш имконини бермоқда.
Экспорт географияси кенгайиб, ҳозирги вақтда тармоқ маҳсулотлари Италия, Жанубий Корея, Туркия, Хитой, Покистон, Ҳиндистон, Россия, Қозоғистон сингари ўндан зиёд мамлакатга экспорт қилинмоқда. Жорий йилнинг охиригача экспорт ҳажмини қарийб 200 миллион долларга етказиш кўзда тутилган.
– 2016-2020 йилларда тармоқда 82 инвестиция лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилган, – дейди уюшма бошқарма бошлиғи М.Воҳидов. – Бу 2020 йилга бориб экспорт географиясини янада кенгайтириш, қўшимча қийматга эга, рақобатбардош тайёр маҳсулотлар ҳажми оширилишини таъминлайди. Хусусан, хорижга экспорт қилинаётган маҳсулотларнинг 60 фоиздан ортиғини тайёр маҳсулотлар ташкил этади.
Матбуот анжуманида журналистлар саволларига мутахассислар жавоб қайтарди.
Манба: ЎзА