Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Тинчлик – энг бебаҳо неъмат
2016-08-19 | Сиёсат
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида “Ўзбекистонда мустақиллик йилларида тинчлик ва барқарорликни таъминлашга оид ҳуқуқий асосларнинг ривожланиши” мавзуида семинар ташкил этилди.
Ватанимиз мустақиллигининг 25 йиллигига бағишлаб ўтказилган тадбирда сенаторлар, депутатлар, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари масъул ходимлари, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги академияси, Тошкент олий ҳарбий-техника билим юрти ҳамда Ёнғин хавфсизлиги олий техника мактаби ўқитувчи ва курсантлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Парламент қуйи палатаси Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси ўринбосари А.Раҳмонов ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида мустақиллигимизнинг илк кунларидан бошлаб жамиятимизда барқарорликни таъминлаш, фуқароларимизнинг тинчлиги ва осойишталигини асраш асосий вазифалардан бирига айланганини таъкидлади.
Тинчлик энг бебаҳо неъматдир. Зеро, тинчлик ва осойишталик барқарор бўлган юртдагина ислоҳотлар кутилган самарани беради, одамлар ўз ҳаётидан рози бўлиб, келажагига ишониб яшайди.
Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, “Мудофаа тўғрисида”, “Терроризмга қарши кураш тўғрисида”, “Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисида”, “Ўзбекистон Республикасининг миллий хавфсизлик концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”, “Ўзбекистон Республикасининг ташқи сиёсий фаолияти концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги ва бошқа қатор қонунлар мамлакатимизда тинчлик, осойишталик ва барқарорликни таъминлашнинг, фуқаролар, турли миллат ва элатлар ўртасидаги аҳиллик, ҳамжиҳатликнинг, халқимиз бахтли ҳаётининг муҳим омили бўлиб хизмат қилмоқда.
Мамлакатимизда ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиётига асосланган очиқ демократик давлат ва фуқаролик жамияти барпо этиш йўлидаги изчил ислоҳотлар юксак самара бераётир. Янги-янги саноат корхоналари қурилмоқда, шаҳар ва қишлоқларимиз қиёфаси тубдан ўзгармоқда, таълим, тиббиёт, маданият, спорт объектлари барпо этилмоқда, аҳоли турмуш даражаси юксалмоқда.
Семинарда жамиятда барқарорликни янада мустаҳкамлаш, истиқлол йилларида Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқ-тартибот органлари шакллангани, тизимда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти, мамлакатда тинчлик ва барқарорликни таъминлашда ҳуқуқ-тартибот органларининг ўрни ва роли тўғрисида маърузалар қилинди.
Манба: ЎзА