Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Сирдарё туманида саноат жадал ривожланмоқда
2016-08-19 | Иқтисодиёт
Президентимиз раҳнамолигида ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва қулай инвестиция муҳитини яратишга қаратилаётган алоҳида эътибор жойларда янги саноат корхоналари ташкил этиш, сифатли ва рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқаришни кенгайтиришга хизмат қилмоқда. Мақсадли давлат дастурларининг амалга оширилиши йирик саноат корхоналари ва тадбиркорлик субъектларининг самарали фаолият кўрсатишида муҳим аҳамият касб этаётир.
Мустақиллик йилларида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самарасини Сирдарё туманидаэришилаётган ютуқ ва марралар мисолида ҳам яққол кўриш мумкин. Шу даврда туманда ўндан ортиқ йирик ишлаб чиқариш объекти, 25 қўшма корхона ишга туширилди.
Президентимизнинг 2013 йил 18 мартдаги “Жиззах” махсус индустриал зонасини барпо этиш тўғрисида”ги фармони туман иқтисодиёти юксалиши, аҳоли бандлиги ва турмуш фаровонлиги янада яхшиланишида алоҳида аҳамиятга эга бўлди. Замонавий технологиялар билан жиҳозланган Марказий Осиёда ягона “Peng sheng” Ўзбекистон – Хитой қўшма корхонасида дастлаб уй-жойлар учун кафель ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга оширилган бўлса, кейинчалик терини қайта ишлашга мўлжалланган “Peng sheng charm”, экспортбоп пойабзал ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Peng sheng shoes”, замонавий уяли телефон ишлаб чиқарадиган “Peng sheng xingshen”, шунингдек, уй ҳайвонлари учун озуқа ишлаб чиқарадиган “Peng sheng feed” ва “Peng sheng casing” корхоналари иш бошлади.
“Peng sheng” негизидаги 7,5 миллион доллар йўналтирилган “AWP” корхонасида экспортбоп сантехника маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда. Бу маҳсулот мис ва рух металлари қоришмаси – латундан тайёрланади. Маҳсулот ишлаб чиқаришда асосан маҳаллий хомашёдан фойдаланилаётгани унинг таннархи арзон бўлишига хизмат қилмоқда. Сифатли, харидоргир ва яроқлилик муддати юқори бўлган ва хорижда ишлаб чиқарилаётган турдошларидан икки баробар арзон бу маҳсулотларга талаб йилдан-йилга ортмоқда.
– Президентимиз раҳнамолигида яратилаётган кенг шароит ва имкониятлардан фойдаланиб, глазурь ишлаб чиқаришни ҳам йўлга қўйдик, – дейди “Peng sheng” қўшма корхонаси етакчи мутахассиси Ғофуржон Аҳмедов. – Бу лойиҳа ўзлаштирилгач, тайёр қурилиш материали – кафелга шу ернинг ўзида товланувчи жило бериш имконияти яратилди. Келгусида импорт ўрнини босувчи ушбу маҳсулотларни ишлаб чиқариш ҳажмини янада оширишни режалаштирганмиз.
2013-2016 йилларга мўлжалланган саноат салоҳиятини ривожлантириш ҳудудий дастури доирасида туманда 2015 йилда саноат йўналишида 6 миллион доллар ва 90,4 миллиард сўмлик 58 лойиҳа, хизмат кўрсатиш тизимида 5,6 миллиард сўмлик 373 лойиҳа, қишлоқ хўжалигида 3,8 миллиард сўмлик 35 лойиҳа амалга оширилди. Фармацевтика соҳасида қиймати 22 миллиард сўмликдан ортиқ 3 лойиҳа ҳаётга татбиқ этилиши ҳисобидан касб-ҳунар коллежлари битирувчилари учун 250 дан ортиқ янги иш ўрни яратилди.
Тумандаги “Река медфарм” корхонасида ойига 2 миллион флаконга 19 номдаги дори қуйилиб, мамлакатимиздаги дорихона ҳамда шифохоналарга етказиб берилмоқда, хорижга экспорт қилинмоқда. Сўнгги икки йилда ушбу корхонада 637 минг долларлик маҳсулот экспорт қилинган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткични 1 миллион долларга етказиш режалаштирилган.
“Темур медфарм” корхонасида тиббиёт препаратлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш лойиҳаси амалга оширилиши натижасида офлоксацин антибиотиги ва флуконазол эритмаси ишлаб чиқариш ўзлаштирилди. Эътиборлиси, мазкур корхона иш бошлаши билан ҳамкор корхоналар фаолияти ҳам ривожланмоқда. Масалан, “Сирдарё универсал ойна”, “Фарм пласт холдинг” корхоналарида фармацевтика маҳсулотлари учун турли идишлар тайёрланмоқда.
Кимё ва нефткимё саноати соҳасида қиймати 28,7 миллиард сўмлик 3 лойиҳа амалга оширилди. Бунинг самарасида “Сирдарё Мега люкс” масъулияти чекланган жамияти негизида полиэтилен қоплар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Текстиль ва тўқимачилик соҳасида қиймати 5,5 миллиард сўмлик 4 лойиҳа ишга туширилиши эвазига 145 янги иш ўрни яратилди. “Неокоттон текс” масъулияти чекланган жамиятида пайпоқ ишлаб чиқариш цехи ташкил этилгани ҳам ўнлаб ёшларни иш билан таъминлаш имконини берди.
– Шаҳримиз мустақиллик йилларида йирик саноат марказига айланмоқда, – дейди Бахт шаҳар ҳокими Камолиддин Самадов. – Истиқлол арафасида шаҳарда фақат пахта заводи фаолият кўрсатган бўлса, бугунги кунга келиб 10 дан зиёд катта-кичик корхона самарали фаолият кўрсатмоқда. Масалан, “Baxttexfarm” тумандаги йирик фармацевтика корхонасидир. 39 турдаги тиббиёт воситалари ишлаб чиқарилаётган корхонада 500 дан ортиқ ёшлар бандлиги таъминланган. Пахта хомашёсини қайта ишлашга мўлжалланган “Бахт пахта тозалаш”, “Бахт мой инвест” акциядорлик жамиятлари, қишлоқ хўжалик техникалари учун бутловчи қисмлар ишлаб чиқарадиган “Бахтсельмаш” ва бошқа кўплаб кичик саноат корхоналари шулар жумласидандир.
Сирдарё вилояти ҳудудий экспорт ҳажмининг 54,3 фоизи ушбу туман ҳиссасига тўғри келади. Жорий йилда “Сирдарё универсал ойна” масъулияти чекланган жамиятида 5 граммдан ярим литргача сиғимдаги турли инфазион идишлар, “Sirdaryo keramik production” масъулияти чекланган жамиятида керамик плиталар, “Ceramic raw materials” корхонасида кафель ва керамик маҳсулотлар учун бўёқ ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш режалаштирилган. “Сирдарё Мега Люкс” корхонасида қоп ишлаб чиқаришнинг иккинчи линиясини ишга тушириш, “Asila textile collection” корхонасида пахмоқли газлама, сочиқ ва халатлар ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга ошириш мўлжалланмоқда.
Маҳаллийлаштириш дастури асосида “Бахтсельмаш”, “Темур медфарм” ва “Река медфарм” корхоналарида маҳаллий хомашёдан импорт ўрнини босувчи маҳсулот ишлаб чиқарилаётгани бозорда нарх барқарорлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Туманда қишлоқ хўжалиги, айниқса, боғдорчилик ва чорвачиликни янада ривожлантириш борасида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Аҳоли хонадонлари ва фермер хўжаликлари иссиқхоналарида қишин-ёзин сабзавот ва полиз маҳсулотлари етиштирилиб, асосий қисми хорижга экспорт қилинаётир. Президентимизнинг жорий йил 12 апрелдаги “Мева-сабзавот, картошка ва полиз маҳсулотларини харид қилиш ва улардан фойдаланиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлаётир.
Туманда бунёдкорлик-ободонлаштириш ишларига ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, кўплаб ижтимоий-маиший иншоотлар қурилди. 6 касб-ҳунар коллежи, 1 академик лицей, Бахт махсус ўғил болалар коллежи, 3 мусиқа ва санъат мактаби янгидан барпо этилди, 40 умумтаълим мактаби, 23 мактабгача таълим муассасаси, 3 болалар ва ўсмирлар спорт мактаби қурилди. Болалар ва ўсмирлар спорт мактаби, битта шифохона ва яна шунча поликлиника реконструкция қилинди.
Президентимизнинг 2014 йил 6 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, уларнинг бандлигини таъминлаш, янги иш ўринлари яратиш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар Сирдарё туманида ҳам юксак самаралар бермоқда. 2015-2016 ўқув йилида тумандаги касб-ҳунар коллежларини 1 минг 875 йигит-қиз тамомлади. Уларнинг аксарияти тўрт томонлама шартномалар асосида ишга жойлаштирилган бўлса, тадбиркорликни йўлга қўйиш истагини билдирган 129 нафар битирувчига тижорат банклари томонидан кредит маблағлари ажратилди.
Давлатимиз раҳбарининг юқорида келтирилган қарори асосида қурилган ва 16 хонадонга мўлжалланган 2 қаватли “Камолот” уйи мустақиллигимизнинг 25 йиллик байрами арафасида ёш оилаларга топширилади.
Барча соҳалардаги бундай улкан юксалиш ва кенг кўламли бунёдкорлик ишлари юртимиздаги тинчлик-осойишталик ва Президентимиз раҳнамолигида халқимиз манфаатини кўзлаб амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар самарасидир.
Манба: ЎзА