Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Касаба уюшмалари ташкилотларининг байрамолди акциялари
2016-08-19 | Жамият
Ўзбек Миллий академик драма театрида Тошкент шаҳар касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгаши томонидан Ватанимиз мустақиллигининг 25 йиллигига бағишланган тадбир ташкил этилди.
Тошкент шаҳар касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгаши раиси ўринбосари Д.Аҳмедов, Ўзбек Миллий академик драма театри директори Ф.Маъсудов ва бошқалар инсон қадр-қимматини улуғлаш, ҳақ-ҳуқуқларини таъминлаш, ҳар бир ёшга меҳр ва ғамхўрлик кўрсатиш Президентимизнинг доимий эътиборида эканини таъкидлади.
Мамлакатимизда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишнинг қонуний асоси, аниқ меxанизмлари ишлаб чиқилган. Жумладан, имконияти чекланган ёшларнинг малакали таълим-тарбия олиши, истеъдодини рўёбга чиқариши, фойдали меҳнат билан шуғулланиши учун барча шароит яратилган.
Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши томонидан ўтказилаётган “Касаба уюшмалари – болаларга!”, “Ҳар ким меҳр-эътибор оғушида”, “Касаба уюшмалари – фахрийларга!”, “Ватан ўз ватанпарварларини хотирлайди”, “Касаба уюшмалари – ҳарбийларга!”, “Ҳеч ким меҳр-эътибордан четда қолмасин” акциялари аҳолини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
“Касаба уюшмалари – талабаларга!” акцияси юксак интеллектуал салоҳиятли, чуқур билим ва дунёқарашга эга, мамлакат тақдири ва келажаги учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир ёшларни ҳар томонлама рағбатлантиришга қаратилган тадбирлардан биридир.
Тадбирда ушбу акция доирасида олий ва ўрта махсус таълим муассасаларида таҳсил олаётган кўзи ожиз талабалар, иқтидорли талаба-қизларга касаба уюшмасининг стипендиялари топширилди.
– Касаба уюшмалари стипендиантига айланганимдан хурсандман, – дейди Абу Райҳон Беруний номидаги Тошкент давлат техника университети талабаси Сурайё Ҳасанова. – Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимизда ёш авлод манфаатлари ва аҳолининг барча қатламини ижтимоий ҳимоя қилиш йўлида куч ҳам, маблағ ҳам аялмайди. Буни ҳар биримиз ўз ҳаётимиз мисолида кўриб, билиб турамиз. Ана шу эътибор ва ғамхўрликка муносиб бўлиш, бор куч ва иқтидоримиз билан Ватанимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлигига ҳисса қўшиб яшаш барчамизнинг муқаддас бурчимиздир.
Тадбирнинг маданий-маърифий қисми Фурқат номидаги маданият ва истироҳат боғида давом этди. Бу ерда “Касаба уюшмалари – хотин-қизларга!” акцияси доирасида кам таъминланган оилалар аъзоларига электр-маиший техника жиҳозлари, касаба уюшмалари тизимидаги санаторияларда саломатликларини тиклаш учун бепул йўлланмалар берилди.
Концерт дастури барчага байрамона кайфият улашди.
Манба: ЎзА